Кейинги йилларда мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби соғлиқни сақлаш тизимида ҳам рақамлаштириш жараёнлари жадал олиб борилмоқда. Жумладан, Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги тиббиёт муассасаларида ҳам бу борада 2025 йилда эътиборга молик ишлар амалга оширилди.
Жумладан, бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасаларига маҳаллий бюджет, опен бюджет ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маблағлари ҳисобидан 3 минг 500 та компьютер, 1 минг 950 та планшет сотиб олинди.
Бундан ташқари, 266 та муассаса локал тармоққа уланди, 19 минг нафардан зиёд тиббиёт ходими замонавий ахборот технологияларида ишлаш ҳамда DMED ахборот тизими бўйича ўқитилди.

Шунингдек, 3,4 миллион нафар аҳоли DMED тизимига бириктирилди, 650 та дорихона электрон рецепт тизимига уланди.
Айни кунда аксарият тиббиёт муассасаларида рақамлаштириш талаблари асосида электрон рецепт, электрон қабул, электрон йўлланмалар юритилмоқда.

Вилоятда жорий йилда ҳам бу борадаги ишлар изчил давом эттирилиши белгиланган. Жумладан, 2 минг 690 та компьютер, 1 минг 550 та планшет, 2 минг 798 та термопринтер, 440 та смарт монитор харид қилиниши режалаштирилди.
Ф.Убайдуллаев, ЎзА мухбири