Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тиббиёт психологияси: дунёда ҳар тўртинчи одам руҳий неврологик касалликларга дучор бўляпти
17:36 / 2022-02-25

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, дунёда ҳар тўртинчи одам турли руҳий неврологик касалликларга дучор бўляпти.

 Айниқса, энг нозик қатлам бўлган ўсмирлар ва ёшлар орасида руҳий хасталиклар кўпайиб, дунё бўйича ҳар еттинчи бола ана шундай касалликларга дучор бўлган.

Бу кўрсаткич кундан-кунга ортиб бораётгани аянчли ҳолат. Бунга замонавий тараққиёт тенденциялари, технологиялар ривожи, катта ҳажмдаги ахборот-информацион босим сабаб бўлмоқда.  Руҳий зўриқишлар эса кўпгина касалликларнинг келиб чиқишида асосий омил бўлади.  


 
Шундан келиб чиқиб, бугун ҳаётимизда тиббиёт психологиясига бўлган эҳтиёж ортиб бормоқда. Бугун Олий Мажлис Сенатида ташкил этилган “Ўзбекистонда тиббиёт психологиясининг долзарб муаммолари” мавзусидаги давра суҳбатида шулар хусусида сўз борди.  


 
Тадбирда аҳолининг физиологик ва руҳий саломатлигини таъминлаш борасидаги ишлар, ушбу соҳада келгусида ҳал қилиниши лозим бўлган муҳим масалалар қизғин муҳокама этилди.   
  
— Бугунги кунда дунё миқёсида руҳий касалликлар сони ортиб бормоқда, — деди Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Дилором Тошмуҳаммедова. — 2019 йилда илк марта Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан олиб борилган тадқиқотлар асосида руҳий касалликларнинг соғлиқни сақлаш тизимига нисбатан босими ўрганилган. Унга кўра, бу турдаги хасталиклар бир йилда дунё иқтисодиётига 12 триллион доллар миқдорида зарар келтирар экан. Ўзбекистонда руҳий касалликлар оқибатида 4,8 триллион сўм йўқотиш бўлар экан. Бу ЯИМнинг 0,98 фоизини ташкил этади.   

Олимларнинг қайд этишича, психиатрия соҳасидаги  касалларнинг 50 фоизи ёшлигида шу касалликка чалинган. Дунёда ўлимлар сабабларининг 2-ўринида суицид ҳолатлари туради. Болалар ва ўсмирлар суициди ҳар йили ўн фоизга ошиб бормоқда. Шу боис бугун руҳий зўриқишларнинг олдини олиб борасидаги ишларни жадаллаштириш, тиббиёт психологиясини ривожлантириш талаб этилади. 2018 йилда давлатимиз раҳбарининг психиатрик хизматни ривожлантириш бўйича тегишли қарори қабул қилингани, 2019 йилда эса психиатрик хизматни ривожлантириш бўйича концепция қабул қилингани қувонарли ҳол, — деди сенатор.   
 
Тадбирда иштирок этган Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими вазирлиги вакиллари ҳамда мутахассислар ушбу соҳадаги муаммолар ва истиқболдаги вазифалар, даволаш-профилактика муассасаларида тиббий психология ҳолати, олий таълим муассасаларида мутахассисларни тайёрлаш, бугунги кунда суицидлар сабаблари, соҳани ривожлантиришда давлат бошқарувининг роли ва бошқа масалаларни муҳокама қилди.  


 
Тиббий психологиянинг бирламчи тиббий ёрдамдаги ўрнини мустаҳкамлаш, илмий салоҳиятни ошириш ҳамда тизимда кузатилаётган айрим муаммолар ўз ечимини кутмоқда.  

— Жойлардаги ўрганишларимиз давомида тиббиёт психиатрларига бўлган эҳтиёж, тиббиёт муассасаларида улар учун штатлар ажратилгани, шунингдек, ушбу соҳадаги кадрлар тайёрлаш масалалари ўрганилди, — дейди сенатор Манзура Салимова. — Чунки турли руҳий хасталикларнинг олдини олишда, қолаверса, ҳар қандай касалликда, аввало, руҳан даволашни амалга оширишда  тиббиёт психологияси муҳим ўрин тутади. Бугунги давра суҳбатида экспертлар ва мутахассислар томонидан билдирилган таклиф-тавсиялари асосида хулоса қилиб, тегишли ташкилотларга парламент сўровини чиқариш кўзда тутилган.   
 
Тадбир иштирокчилари республикада соҳани ривожлантириш мақсадида илғор хорижий тажрибани қўллаш, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш зарурлигини таъкидлаб, ўз таклифларини берди. Давра суҳбати якунида тиббиёт психологиясини республикада янада ривожлантиришга қаратилган тавсиялар қабул қилинди.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА