Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекциясининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими томонидан Кегейли туманида жойлашган тиббиёт муассасасида назорат тадбирлари ўтказилди.
Ўрганишлар давомида Кегейли туман тиббиёт бирлашмасида фойдаланилаётган 13 та ўлчаш воситаси белгиланган тартибда метрологик кўрикдан ўтказилмагани маълум бўлди. Мутахассислар ушбу ҳолат Ўзбекистон Республикасининг “Метрология тўғрисида”ги қонуни талабларига зид эканини таъкидламоқда. Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, фақат белгиланган метрологик текширувдан ўтган ўлчаш воситаларидан фойдаланишга рухсат этилади.
Қайд этилишича, тиббиёт амалиётида қўлланиладиган ўлчаш воситалари аниқлик ва ишончлиликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, уларнинг метрологик текширувдан ўтказилиши ўлчов натижаларининг тўғрилигини кафолатлайди.
Аниқланган қонунбузарлик ҳолатлари юзасидан Кегейли туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарига нисбатан амалдаги қонунчиликка мувофиқ маъмурий чоралар кўрилди.
Ҳамроз Баянов, ЎзА