English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тиббиёт муассасаларини дори-дармон, тиббиёт буюмлари билан таъминлаш учун маблағ 12 баробар кўпайтирилди
17:59 / 2023-12-22

Инсон саломатлиги энг катта бойлик ва энг муҳим ҳаётий масаладир. Шу боис ҳам соғликни ўз вақтида асраб-авайлаш, саломатликнинг қадрига етиш лозим. Афсуски, иссиқ жоннинг иситмаси бўлади деганларидек, баъзан одамзот бетоб бўлиб қолади, жони оғрийди, қаеридир безовта қилади. Ана шундай вазиятларда шифокорларга, тиббиёт муассасаларига мурожаат қилишга тўғри келади.

Юртимизда тиббиёт соҳасини ривожлантириш, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш тизимини яратиш ва янада такомиллаштириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Аҳолига тиббиётни яқинлантириш мақсадида чекка ҳудудларда ҳам кенг қулайликларга эга қишлоқ врачлик пунктлари ташкил этилмоқда, оилавий поликлиникаларнинг фаолияти кенгайтирилмоқда, мутахассис врачларга бўлган талабни қондиришга эътибор қаратилмоқда. Ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар учун йўналтирилаётган бюджет маблағлари ҳам йилдан-йилга кўпайтирилаётгани эътиборга моликдир. 

Бу борадаги ишлар бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қизилгул Қосимова қуйидагиларни гапириб берди: 

— Соғлиқни сақлаш соҳасида ҳудудлар тиббиёт муассасаларига давлат бюджетидан жами 17 триллион 944 миллиард сўм ажратилиши режалаштирилган. Бу маблағ 2016 йилдагидан 5 баробар кўп. Ўтган беш йилда шифохоналар ва тез тиббий ёрдам пунктларини дори-дармон, тиббиёт буюмлари билан таъминлаш учун маблағ 12 баробар кўпайтирилди. Энг муҳими, маблағ шифохонага эмас, беморларга ажратилмоқда. 

Бирламчи тиббиёт бўғинини мутлақо янги ёндашувлар асосида тубдан ўзгартиришга киришилди. Ўтган йилдан ҳар бир маҳаллада “хонадонбай” ишлайдиган 17 минг 400 та тиббий бригадаси ташкил этилди. Аҳолига сифатли тиббий ёрдамни кенгайтириш мақсадида бирламчи тизимга 20 мингта ўрта тиббиёт ходими учун штат ажратилди. Қишлоқларда жойлашган 801 та оилавий поликлиника замонавий УТТ ва ЭКГ аппаратлари билан таъминланди, қишлоқ ва маҳаллаларда 8 турдаги янги тиббий хизматлар йўлга қўйилди. 

Тиббий хизматларни маҳаллаларнинг ўзида кўрсатиш бўйича муҳим қадамлар қўйилди. 2023 йилда 1 минг 251 та оилавий шифокорлик пункти, 1 минг 82 та оилавий поликлиника, 209 та КТМП фаолияти таъминланди. Республикада мавжуд маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисига “бир қадам” тамойили асосида тиббий хизматлар яқинлаштирилди. Жумладан, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларигача 3 километр масофада жойлашган маҳаллалар 62 фоизга етказилди (5 минг 806 та маҳалла), 3-5 километргача 23 фоиз (2 минг 151 та маҳалла)ни ташкил этади. 

Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида ҳар 2000 аҳолига 1 та, республика бўйича жами 17 минг 400 та тиббиёт бригадаси ташкил этилиб, оилавий шифокорга ёрдам берадиган умумий амалиёт ҳамшираси, патронаж ҳамширалари, патронаж доялар жамланди. Амалиётда кам самара берган аҳолининг чуқурлаштирилган тиббий кўриклари ўрнига ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари ва аҳолининг гуруҳга мансублигидан келиб чиқиб, муайян касалликлар бўйича даврий профилактик кўриклар ва тиббий скрининг текширувлари ўтказилиши йўлга қўйилди. Бу, ўз навбатида, оналар ва гўдаклар ўлими камайиши, ноинфекцион — юқумли бўлмаган касалликларнинг эрта аниқланиши, асоратлари камайишига олиб келмоқда. 

Тизимда электрон рақамлаштириш босқичма-босқич йўлга қўйилмоқда. “Электрон поликлиника” тизимида 2500дан ортиқ бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаси (БТСЁМ) ишламоқда. 2023 йил 1 октябрь ҳолатига 32 миллиондан ортиқ аҳоли электрон ахборот тизими орқали БТСЁМларга бириктирилди. Тизимда оилавий шифокорлардан тор доирадаги мутахассисларга, тор доирадаги мутахассислардан оилавий шифокорларга йўналтириш амалиёти яратилмоқда. 

Ушбу тизим орқали аҳолини оилавий шифокорларга бириктириш, шу билан бирга, беморни амбулатор тиббиёт муассасасидан стационар тиббиёт муассасасига электрон йўналтириш амалиёти синовдан ўтказилмоқда. 
Бир сўз билан айтганда, сифатли тиббий хизматга эҳтиёж ҳеч қачон камаймайди. Шу боис ушбу соҳани янада ривожлантириш долзарб аҳамиятга эга. Энг катта бойлик халқимиз саломатлигидир. Соғлом халқ эса катта ишларга қодир бўлади.

Бир сўз билан айтганда, сифатли тиббий хизматга эҳтиёж ҳеч қачон камаймайди. Шу боис ушбу соҳани янада ривожлантириш долзарб аҳамиятга эга. Энг катта бойлик халқимиз саломатлигидир. Соғлом халқ эса катта ишларга қодир бўлади. 

ЎзА мухбири Муҳтарама Комилова ёзиб олди.