Қашқадарё вилоятидаги 47 та бирламчи тиббиёт муассасаси 155 дона “буржуйка” печларда иситилади. Бу ҳақида Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида “Оилавий поликлиникалар ва оилавий шифокор пунктларида аҳоли саломатлигини сақлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва ечимини кутаётган муаммолар” мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Унда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Бобур Тешаев журналист ва блогерларга мавзуга доир маълумотларни тақдим этди ва уларни қизиқтирган саволларга жавоб берди. Бирламчи тиббиёт муассасалари сирасига ҳудудлардаги кўп тармоқли марказий ва оилавий поликлиникалар, оилавий шифокор пунктлари, маҳалла тиббиёт пунктлари киради. Вилоятдаги 199 та амбулатор-поликлиника муассасасида (16 та кўп тармоқли марказий поликлиника, 83 та оилавий поликлиника, 100 та оилавий шифокорлик пункти) 2 минг 508 нафар шифокор ва 12 минг 714 нафар ўрта тиббиёт ходими аҳолига бирламчи тиббий ёрдам кўрсатади.
Воҳа аҳолисига 1 минг 689 та тиббий бригада 1 минг 100 нафар оилавий шифокор, 3 минг 865 нафар оилавий ҳамшира, 1 минг 689 нафар амалиёт ҳамшираси ва 4 минг 40 нафар доя хизмат кўрсатмоқда.
[gallery-9361]
Матбуот анжуманида вилоятдаги бирламчи бўғинда эришилаётган натижалар билан бир қаторда тизимда учраётган айрим муаммо ва уларнинг ечими бўйича ҳам маълумот берилди. Хусусан, вилоятдаги Ғузор, Деҳқонобод, Косон, Касби, Китоб, Миришкор, Муборак, Нишон, Кўкдала, Чироқчи, Қамаши, Шаҳрисабз ва Яккабоғ туманларидаги 47 та оилавий поликлиника ва оилавий шифокор пунктлари жами 155 дона “буржуйка” печ асосида иситилади. Уларни замонавий тежамкор иситиш қозонларига алмаштириш учун маҳаллий бюджетдан 6,3 миллиард сўм маблағ ажратиш кўзда тутилмоқда.
Олис ва узоқ ҳудудларда жойлашган 24 та тиббиёт муассасасида қуёш панеллари ва қуёш сув иситкичларини ўрнатиш учун маҳаллий бюджетдан
1,6 миллиард сўм маблағ йўналтириш режалаштирилган. Вилоятда 952 нафар шифокор ўрни вакант. Айниқса, бирламчи тизимда бу муаммо жуда долзарб аҳамият касб этади. Шифокорлар малака ошириш ва амалиёт учун бошқа ҳудудларга юборилмоқда.
Ушбу муаммонинг ечими сифатида “DR BOBOEV HEALH CENTER” МЧЖ ва Neo Institute of Medical Sciences and Technology (Ҳиндистон), Истанбул Соғлик билимлари университети (Туркия)нинг таъсисчилигида Қарши шаҳрида нодавлат халқаро тиббиёт университетини ташкил этиш бўйича ишлар бошлаб юборилган.
Шунингдек, тиббиёт йўналишидаги олий таълим муассасаларининг 6-курс битирувчи талабалари ҳисобидан кадрлар етишмовчилиги қисман бартараф этилмоқда. Жумладан, воҳага 168 нафар 6-курс битирувчи талабалари келиши кутилмоқда.
Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА.