English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тиббиёт муассасаларида давлат хизматини кўрсатиш сифати қандай?
16:30 / 2023-07-14

Самарқанд вилоят адлия бошқармаси томонидан “Туғилганликни қайд этиш билан боғлиқ комплекс давлат хизматларини кўрсатишнинг Маъмурий регламенти”га асосан вилоятдаги тиббиёт муассасаларида давлат хизматини кўрсатиш тартиби ва муддатларига риоя этиш аҳволи ўрганилди.

Бу ҳақда ЎзАга маълум қилган бошқарма ахборот хизматининг қайд этишича, ўрганишлар чоғида бир қатор қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланган. Қонунчилик талабларига кўра бола туғилган жойдаги тиббиёт муассасаси ходими бола туғилганидан сўнг 1 иш куни ичида бола ва унга бериладиган фамилия, исм ва ота исми, ота-она ва уларнинг никоҳи ҳақидаги маълумотларни тегишли ахборот алмашинуви тизимига киритиши ҳамда ФҲДЁ бўлими томонидан туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувини белгиланган тартибда қайд этиб, QR-код (матрик штрихли код) қўйилган туғилганлик ҳақидаги маълумотномани тиббиёт муассасасига юборгандан сўнг, уни ариза берувчиларга чоп этиб бериши лозим. Бироқ бир қатор тиббиёт муассасаларида ушбу талабларга амал қилинмаган.  

Жумладан, Булунғур туман тиббиёт бирлашмаси 20 та ҳолатда нафақат бир кун, балки 3 кунгача муддат бузилишига йўл қўйган. Шунингдек, ўрганиш давомида масъул ходим хонасида 20 га яқин ота-онанинг паспортлари ва бошқа маълумотлар тизимга киритиш учун “Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспорти тўғрисида Низом” талабларига зид равишда сақланиб келаётганлиги аниқланди.  

Иштихон туман тиббиёт муассасаси томонидан фуқаро А.Н. 2022 йил 9 май куни фарзандли бўлган бўлса-да, туғруқ бўлими масъул ходими туғилишни электрон тизимда 2022 йил 13 май куни қайд этган. Бу каби қонунбузилишлар Жомбой, Қўшработ (13 та ), Нарпай (15 та), Оқдарё, Пайариқ, Пастдарғом, Самарқанд (7 та) туманларида ҳам такрорланган.  

Бундан ташқари, тиббиёт муассасалари томонидан туғилишни қайд қилишда фуқаролардан ортиқча ҳужжатлар талаб қилинганлик ҳолатлари ҳам маълум бўлди. Масалан, Самарқанд шаҳар 2-сон туғруқхонасида туғилишни қайд қилиш билан боғлиқ давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида фуқаролар А.П, П.М, Л.Х, Г.С.нинг паспорт, биометрик паспорт ва туғилганлик гувоҳномаси нусхалари, фотосуратлари талаб қилиб олинган. Бу каби ҳолатлар Самарқанд шаҳар 1-сон туғруқ мажмуаси, 2 ва 3-сон туғруқхоналарда ҳам кузатилган.  

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 25 февралдаги 89-сон қарори билан тасдиқланган “Ўлимни қайд қилиш билан боғлиқ композит давлат хизматларини кўрсатишнинг Маъмурий регламенти”га асосан, давлат хизматини кўрсатиш тартиби ва муддатларига риоя этиш аҳволи ўрганилганда мазкур регламентнинг 6-банди ва 2-илова талабларига амал қилинмаганлиги ойдинлашди. Масалан, Жомбой туман тиббиёт муассасаси томонидан Ҳолвойи маҳалласида яшаган марҳум С.А. 2023 йилнинг 11 май куни вафот этган бўлишига қарамай, ўлим ҳақида маълумотнома электрон тизимга 2023 йилнинг 15 май куни, яъни 4 кундан сўнг киритилган. Самарқанд маҳалласида яшаган марҳум Ф.И. эса жорий йилнинг 21 март куни тиббиёт бирлашмасида вафот этган. Аммо бу ҳақидаги маълумот 9 кун кечиктирилиб электрон тизим орқали ФҲДЁ бўлимига юборилган. Афсуски, бу сингари ҳолатга Нарпай, Оқдарё, Пайариқ, Пастдарғом, Пахтачи туманлари ҳамда Самарқанд шаҳар тиббиёт муассасаларида ҳам йўл қўйилган.  

Тиббиёт бирлашмаларида ўлим ҳақидаги тиббий маълумотнома бериш марказлашган ҳолда йўлга қўйилганлиги, яъни туманларда маълумотномани фақатгина туман тиббиёт бирлашмаси бериши, жойлардаги оилавий шифокорлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларда маълумотнома бериш тизими жорий қилинмаганлиги аниқланган. Бундай ҳолат, мисол учун, Нуробод туман марказидан 110 километр узоқликдаги Саҳоба, Тутли маҳаллалари, Қўшработ туман марказидан 70 километр узоқда жойлашган Жонбулоқ каби маҳаллалар фуқаролари вафот этган шахснинг ўлим ҳақидаги маълумотномани олиш учун узоқ масофа босиб туман марказига келишига сабаб бўлмоқда.  

Қонун устувор бўлган жойда адолат қарор топади. Адлия органлари ҳам бу каби мониторинглар орқали фуқароларимизнинг қонуний манфаатларини таъминлаш, қонун бузилишларини вақтида аниқлаб, уларнинг келгусида такрорланиши олдини олишни мақсад қилган.  

Ғ.Ҳасанов, ЎзА