French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тиббиёт муассасалари навоийликлар хизматида
13:48 / 2023-06-03

Мамлакатимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ бугун, ҳаттоки, энг чекка қишлоқларда ҳам шаҳар марказларидагидан қолишмайдиган замонавий шифо масканлари қад ростламоқда. Уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, тиббий хизматнинг сифатини давр талаблари даражасига кўтаришга алоҳида эътибор бериляпти.

Албатта, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда мавжуд тиббий муассасаларни замонавий хориж асбоб-ускуналари билан техник ва технологик қайта жиҳозлаш муҳим аҳамиятга эга. Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов Навоий вилоятида бўлиб, ҳудудда янгидан барпо этилган тиббиёт муассасалари фаолияти билан танишди.  

Дастлаб вазир вилоят ҳокими Нормат Турсунов ҳамроҳлигида Хатирчи туманида бунёд этилган Гемодиализ маркази филиалининг очилишида иштирок этди.  

Бугунги кунга қадар вилоятда 98 нафар гемодиализга муҳтож беморлар бўлиб, уларга Навоий ва Зарафшон шаҳарлари ҳамда Қизилтепа туманидаги марказларда тиббий хизмат кўрсатилган. Эндиликда Хатирчи туманидаги беморлар вилоят марказига бормасдан, шу ернинг ўзида даво муолажаларини олади.  Мазкур марказ биноси таъмири учун 500 миллион сўм маблағ сарфланган бўлса, 1,2 миллиард сўм қийматидаги 3 гемодиализ аппарати, сув тозалаш ускунаси ва миксер билан жиҳозланди.  

Вазир Хатирчида туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари маркази қурилиши билан танишди. Мазкур марказ “Open budjet” дастуридан 1,2 миллиард сўм ва маҳаллий бюджетдан ажратилган 700 миллион сўм маблағ эвазига бунёд этилмоқда. Қурилиш ишлари билан танишиш жараёнида А.Иноятов вазирлик томонидан бир миллион АҚШ доллари қийматидаги кўп кесимли компьютерли томограф, рақамли стационар ва портатив рентген, стационар ҳамда портатив ультратовуш аппаратлари каби 34 турдаги юқори технологик тиббий ускуналар етказиб берилишини маълум қилди.  

Шу куни Вазир иштирокида 200 ўринли Республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази Навоий филиалининг қўшимча биноси очилди. Президентимизнинг 2020 йил 10 январдаги “2020-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига асосан бунёд этилган мазкур бино 49,1 миллиард сўм маблағ эвазига “Таянч Қурилиш Сервис” МЧЖ томонидан қуриб, фойдаланишга топширилди. Ушбу бинода қабул диагностика бўлими, реанимация, шошилинч жарроҳлик бўлими ва замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган амалиёт хоналари мавжуд.  

Президентимизнинг 2022 йил 22 январдаги “2022-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида Инвестиция дастури асосида Ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш маркази Навоий филиали биносида “Алишер Қурувчи Сервис” МЧЖ томонидан реконструкция ишлари амалга оширилди.  

Бу ерда фармацевтика соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш кўламини кенгайтириш, ўқув жараёнига халқаро таълим стандартларини жорий этиш, ўқув-педагогика салоҳиятини ривожлантириш учун барча шароитлар яратилган.  

 

А.Бўриев,  

ЎзА