English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тиббиёт муассасалари аҳолига яқинлашмоқда
15:05 / 2022-11-05

Сирдарё вилоятида хусусий тиббиёт муассасаларининг сони йилдан йилга ортмоқда. Бундан беш-олти йил муқаддам вилоятда хусусий тиббиёт муассасалар сони 55 тани ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг сони 129 тага, шифо ўринлари 1 200 тага етди. Мазкур тиббий муассасаларнинг 98 тасида амбулатор ва 31 тасида стационар шароитда тиббий хизмат кўрсатилади. Бу аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш, хизмат кўрсатиш турларининг ортишига хизмат қилади.

Сирдарё вилоятида замонавий тиббий жиҳоз ва ускуналар ҳисобига тиббий хизмат тури қамрови ошди. Касалликни барвақт аниқлаш, ташҳислаш ва даволашда хусусий тиббиёт муассасаларида ҳам янгиликка қўл урилди. Олдинлари хусусий тиббиёт муассасаларида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат тури 50 тани ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб 130 тадан ошди.

Гулистон шаҳридаги "Равшан даволаш маскани"да травматология-артроскопия, урология-эндоурология, хирургик операциялар – эндохирургия ва бошқа 100 га яқин юқори технологияли даволаш ва диагностика усуллари йўлга қўйилган бўлса, шаҳардаги "Аброр урология клиникаси" да 40 га яқин эркаклар ва аёллар касаллигини юқори технологик имкониятлардан фойдаланган ҳолда жарроҳлик усулида даволаш йўлга қўйилган.

– Президентимизнинг 2017 йил 1 апрелдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори соғлиқни сақлаш тизимида хусусий сектор улушини ошириш,  кўрсатилаётган тиббий хизмат тури кўпайтириш имконини берди, – дейди Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси лицензиялаш, аккредитациялаш ва тиббий туризмни ривожлантириш сектори мутахассиси Абдували Шаматов. – Қолаверса, хусусий тиббиёт муассасаларига лицензия бериш ишлари соддалаштирилгани, қишлоқ жойларда тиббий хизматлар кўрсатиш соҳасида янги ташкил этиладиган микрофирмалар ва кичик корхоналар давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб 10 йил муддатга ягона солиқ тўловини тўлашдан озод этилгани ушбу муассасалар фаолиятини кенгайтириш ва ривожлантириш имконини берди.  

Бу албатта яхши. Рақобат бор жойда иш, иш бор жойда рақобат бўлади. Давлат тиббиёт муассасалари билан хусусий тиббиёт муассасалари ўртасида вужудга келган ана шундай рақобат муҳити аҳолини тиббиёт муассасаларига эмас, тиббиётни аҳолига янада яқинлаштиришда муҳим ўрин тутмоқда.

Шуҳрат Суяров, ЎзА.