Мамлакатимизда миллий тиббиёт таълимини модернизация қилиш, ушбу соҳага халқаро таълим стандартларини жорий этиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишнинг долзарб муаммолари бўйича комплекс илмий тадқиқотлар олиб бориш, шунингдек, таълим олаётган ёшларга етарли шарт-шароитлар яратиш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Мазкур йўналишда Тошкент давлат стоматология институти ва Россия Федерациясининг етакчи клиник – тадқиқот институти МОНИКИ ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди. МОНИКИ институти 175 йиллик тарихга эга бўлиб, шифокорлар малакасини ошириш, уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, илмий-тадқиқот изланишларни ўтказиш, илғор инновацион даволаш-ташхислаш усулларни ишлаб чиқариш ва татбиқ этишда етакчилик қилиб келмоқда.
– Модернизациялаш жараёнларини таълим ва фан соҳасидаги амалий фаол халқаро ҳамкорлик ҳамда амалиёт билан интеграциялашувисиз амалга ошириб бўлмайди, – дейди Тошкент давлат стоматология институти ректори Нодир Ҳайдаров. – Тошкент давлат стоматология институти ҳам таълим ва фан соҳасида жаҳон талабларига мос равишда юқори малакали ва рақобатбардош тиббиёт кадрларини тайёрлашга ўз ҳиссасини қўшишда давом этади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА