Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тиббиёт фидоийларига муносиб эътироф кўрсатилди
18:34 / 2025-11-10

“Тиббиёт ходимлари куни” муносабати билан Жиззах шаҳрида соҳа вакилларига давлат мукофотларини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг соҳа фидоийларини мукофотлаш тўғрисидаги фармонига мувофиқ, бир гуруҳ жиззахлик тиббиёт ходимлари ҳам юксак давлат мукофотлари билан тақдирланишди.

Тантанада соғлиқни сақлаш тизимида узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб, аҳоли саломатлигини муҳофаза этишга билим ва тажрибаси билан муносиб ҳисса қўшиб келаётган соҳа ходимлари иштирок этишди.

[gallery-26161]

Жиззах вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев барча тиббиёт ходимларини касб байрами билан самимий қутлаб, уларга давлат мукофотларини тантанали тарзда топширди.

Президент фармонига биноан, Пахтакор туманидаги “Мингчинор” оилавий шифокорлик пункти шифокори Каромат Абдиназарова “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланди.

– Камтарона хизматларим учун берилган бу мукофотни бир менинг эмас, балки бутун жамоамизнинг ютуғи деб биламан. Чунки соғлом авлодни тарбиялаш йўлида ҳар бир ҳамкасбим фидокорона меҳнат қилмоқда, – деди Каромат Абдиназарова миннатдорлик билан.

Шунингдек, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Жиззах вилояти филиали анестезиология-реанимация бўлими мудири Анвар Очилов ҳамда Республика тез тиббий ёрдам марказининг Бахмал тумани бўлими ҳайдовчиси Ҳошим Қурбонов II даражали “Саломатлик” ордени билан, Республика тез тиббий ёрдам марказининг Жиззах вилояти филиали шифокори Гулнора Йўлдошевалар “Соғлом турмуш” медали билан тақдирланишди.

Мирзачўл тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси патронаж ҳамшираси Раъно Атажанова эса “Дўстлик” орденига сазовор бўлиб, у ўз мукофотини Республика миқёсидаги марказий тадбирда қабул қилди.

Тадбирда таъкидланишича, мамлакатимизда тиббиёт тизимини ривожлантириш, илғор технологияларни жорий этиш ва аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли ана шундай фидоий мутахассисларнинг меҳнати беқиёс аҳамият касб этмоқда.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари