Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тиббиёт соҳасининг бугунги ҳолатига парламент, вазирлик ва сиёсий партиялар қандай баҳо беради?
19:10 / 2019-11-05

Ўзбекистон тиббиётининг бугунги ҳолатига мамлакатимиз сиёсий партиялари, парламентимиз муносабати қандай?


Ўзбекистон тиббиётининг бугунги ҳолатига мамлакатимиз сиёсий партиялари, парламентимиз муносабати қандай? Соғлиқни сақлаш вазирлиги-чи? Улар бу масалага қандай баҳо беради?

Халқаро пресс-клубнинг Марказий сайлов комиссияси Халқаро матбуот марказида бўлиб ўтган анжуманида баҳслар, мунозаралар шу саволлар атрофида кечди.

Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларни ривожлантириш учун сиёсий партиялар ўз дастурларида қандай аниқ таклифларни илгари сураяпти? Тадбир сиёсий партияларга шу мазмундаги мурожаат билан бошланди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси марказий кенгаши раиси ўринбосари Миродил Абдураҳмонов таъкидлашича, партия анъанавий тиббиёт билан бир қаторда халқ табобатини ривожлантириш тарафдори. Шунингдек, ўз дастурида мамлакатимизда тиббий суғуртани йўлга қўйиш таклифини илгари сурмоқда.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси эса хусусий тиббиётни ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратиш истагида. Партия аъзоси Дилобар Мирраҳимова айтишича, партия дастурида тиббий туризмни кенг йўлга қўйиш, аҳоли соғлиғини суғурталаш масаласи ҳам кўзда тутилган.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси аъзоси Қизилгул Қосимованинг сўзларига кўра, партия ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига, хусусан, хусусий тиббиёт муассасалари хизматидан фойдаланишда ойлик имтиёзлар беришни жорий қилишга ташаббус кўрсатмоқчи. Ижтимоий дорихоналар фаолиятини парламент назоратига олиш ҳам партия дастурининг тиббиёт соҳасидаги устувор йўналишлари қаторидан жой олган.

– Энг кўп кузатиладиган хасталиклар бу инфекцион касалликлардир, – деди Ўзбекистон Экологик партияси матбуот хизмати раҳбари Эркин Омонов. – Уларнинг асосий манбаи бўлган ичимлик суви муаммосини ҳал этиш партиямизнинг устувор вазифаларидан бири сифатида белгиланган. Бу борада 2025 йилгача аҳолини 100 фоиз тоза ичимлик суви билан таъминлашни мақсад қилганмиз. Ҳозирда сув тозалаш иншоотларининг самарадорлиги 55 фоиздан ошмайди. Айни кўрсаткични ҳам максимал даражага етказишни режалаштирганмиз.

“Давлат бюджетидан тиббиёт соҳасига ажратиладаиган маблағни кўпайтирмасдан туриб, соҳани ривожлантириб бўлмайди, деб ҳисоблаймиз”. “Адолат” СДП матбуот хизмати раҳбари Баҳром Бурҳониддинов шундай фикрни қайд этди. Унинг фикрича, тиббий хизматлар сифатини ошириш учун, аввало, тиббиёт ходимлари салоҳиятини юксалтириш лозим. Партия шу масалага эътибор қаратмоқчи. “Адолат” ўз электорати саналган мазкур қатламни моддий рағбатлантиришни кучайтириш мақсадида. Б.Бурҳониддинов фикрича, давлат тиббиёт муассасаларида пуллик ва бепул хизматлар доирасига ҳам аниқ чегара қўйиш зарур. Шунингдек, мактабгача таълим муассасаларидан бошлаб ОТМларгача тиббий хизматни сифатли йўлга қўйишга эришиш партиянинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори Абдуҳаким Ҳожибоев сиёсий партияларнинг тиббиёт ходимлари моддий таъминотини кучайтириш хусусидаги фикрларига нисбатан шундай муносабат билдирди:

– Охирги икки йил ичида шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида фаолият юритадиган 500 га яқин врачнинг 160 дан ортиғи хусусий тиббиёт муассасаларига ишга ўтиб кетди. Асосан юқори малакали шифокорлар шундай иш тутди. Бу, табиий, деб ўйлайман. Чунки хусусий клиникаларда ойлик маош катта ва салоҳиятга талаб ҳам шунга яраша. Менимча, соғлиқни сақлаш тизимидаги барча ходимларнинг ойлик маошини бирдай ошириш керак эмас. Уларнинг малакаси, ўсиш потенциалига қараб моддий рағбатлантириш керак. Буни вазирликнинг ўзи амалга ошира олмайди. Парламент бу бўйича қонунлар доирасида аниқ механизмни ишлаб чиқишга кўмаклашса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Парламент бу каби муаммоларга қандай ечим кўрсата олади? Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси соҳадаги аҳволни яхшилашга айнан қандай ҳисса қўшмоқда? Мазкур қўмита раиси Иноят Ҳожиев шу саволга жавоб берди.

– Ёдингизда бўлса, 2017 йил 22 декабрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида бугунги кунда биронта ҳам ҳудудда соғлиқни сақлаш тизими аҳоли учун муносиб хизмат қиладиган даражада ташкил этилмаганини танқид қилди. Қонунчилик палатаси ўз иш фаолиятида асосий эътиборни тизимдаги ана шу муҳим муаммоларни, айниқса, жойларда ҳал этишга қаратиши мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлади. Шу боис 2018 йил бошидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси ташкил этилди. Қўмита ўтган давр мобайнида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштиришга алоҳида урғу берди. Масалан, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни 1996 йилда қабул қилинган. 24 йилдан буён қонуннинг у ёки бу моддасига ўзгартишлар киритилди, аммо концептуал жиҳатдан ўзгармаган. Табиийки, бу ҳужжатнинг бугунги кун талабларига жавоб бермайдиган томонлари кўп. Умуман олганда, ҳозирда тизимни тартибга солувчи 20 га яқин қонун ва жуда кўп қонуности ҳужжатлари бор. Уларни бирлаштирган ҳолда Ўзбекистонда фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисидаги кодекс қабул қилиш керак, деган хулосага келдик ва бу бўйича амалий ҳаракатларни аллақачон бошлаб юборганмиз.

– Соғлиқни сақлашга оид масалалар 2009-2014 йилларда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасида кўрилган. Тўғрисини айтганда, ўша пайтларда ушбу соҳада йилига бир ёки икки масалани кўтариб чиқолганмиз, холос. Қонунчилик тизимида ҳам асосан қўшимча ва ўзгартишлар киритиш билан чекланганмиз. Янги қўмита янги ва яхши ишларга кенг йўл очди. Биз Соғлиқни сақлаш вазирлиги фаолиятига ҳам танқидий қараяпмиз, ҳам ҳамкор сифатида иш олиб бораяпмиз. Чунки тиббиёт соҳасининг қамрови кенг, ҳамкорликда иш олиб бормасак, бир-икки масалани тартибга солиш билан ундаги муаммоларни ҳал қилиб бўлмайди, – дея қўшимча қилди Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Нурия Айтжанова.

Анжуманда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, айниқса, ногиронлиги бўлган шахсларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, уларга тиббий хизматлардан фойдаланишда яратилаётган имкониятларни кенгайтириш юзасидан ҳам ўзаро фикр алмашилди. Тиббиёт ходимларининг касб фаолиятини амалга ошириш пайтида тажовуз ва таҳдидлардан ҳимоя қилиш масаласи ҳам қизғин муҳокама, кескин мунозараларга сабаб бўлди.