Тиббиёт соҳасидаги изланишлар янада такомиллашади
Бухоро давлат тиббиёт институтининг Микробиология, иммунология ва вирусология ва умумий гигиена ва экология кафедраларининг мукаммал таъмирланган биноси фойдаланишга топширилди.
Бухоро давлат тиббиёт институтининг Микробиология, иммунология ва вирусология ва умумий гигиена ва экология кафедраларининг мукаммал таъмирланган биноси фойдаланишга топширилди.
Очилиш маросимида вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Мирали Ҳамроев, Бухоро давлат тиббиёт институти ректори вазифасини бажарувчи Шуҳрат Тешаев, профессор-ўқитувчилар ва талабалар қатнашди.
Институтда 1990 йил 30 октябрда Микробиология, вирусология ва иммунология кафедраси ташкил этилган. Илк кафедра ташкил этилганда кафедрада 2 нафар фан номзоди, 2 нафар ассистент фаолият олиб борган. “Даволаш иши” ва “Стоматология” факультети талабаларига Бухоро вилояти Давлат санитария эпидемиология марказининг биносида дарс ўтилган.
Бугунги кунда кафедрада 1 нафар тиббиёт фанлари доктори, профессор, 4 нафар доцент, 5 нафар ассистент “Даволаш иши”, “Педиатрия”, “Стоматология”, “Тиббий педагогика”, “Тиббий профилактика”, “Тиббий биология”, “Олий маълумотли хамширалик иши” йуналишларида дарс ўтмоқда. Шунингдек, Ҳиндистон, Туркманистон ва бошқа давлатлардан келиб таҳсил олаётган талабаларга ўзбек, рус ва инглиз тилларида дарс бермоқда.
Институт профессор-ўқитувчиларининг сайъ-ҳаракати натижасида кафедра мукаммал таъмирланган ўқув биносига кўчирилди. Ўқув биносида 1 та маъруза зали, 15 та амалиёт хонаси, замонавий жиҳозланган лаборатория ташкил этилди. Ташкил этилган лаборатория чет давлатларда ишлаб чиқарилган, кўпгина лаборатория ташҳисларини амалга ошира оладиган лаборатория жиҳозлари билан жиҳозланган. Бу ерда лаборатория таҳлилларини талабалар нафақат кўриши балким улар билан ишлашни ҳам ўрганади. Шунингдек илмий лабораторияда ёш тадқиқотчилар илмий изланишлар олиб боради. Вилоят аҳолисига сифатли лаборатория хизмати кўрсатилади.
Ҳозирги кунда кафедра Туркия республикасининг соғлиқ билимлари университети микробиология кафедраси, Россия давлати Рязань Давлат тиббиёт университети “Микробиология ва вирусология” ва “Фтизиатрия ва нур диагностикаси” кафедралари, Қозоғистон давлати С.Д. Асфандияров номидаги миллий тиббиёт унверситети “Микробиология ва вирусология”, “Иммунология”, Қарағанда тиббиёт университети “Фтизиатрия” кафедралари, Тожикистон давлат тиббиёт университети “Микробиология ва вирусология”,“Иммунология” кафедралари, Астана тиббиёт университетилари билан ҳалқаро алоқалар йулга қуйилди. Тажрибалар алмашилмоқда, академик мобиллик дастури бўйича хамкорлик қилинмоқда.
Кафедра профессор-ўқитувчилари томонидан бугунги кунга қадар бир қанча фанга оид ўқув адабиётлар, ўқув қўлланмалар, услубий тавсияномалар яратилган. 800 дан ортиқ нуфузли, маҳалий ҳамда хорижий журналларда мақолалар ва тезислар чоп этилган. Халқаро конференцияларда маърузалар билан иштирок этилган. Кафедра профессор ўқитувчилари раҳбарлигида, Ибн сино номли, шунингдек, бир қанча давлат стипендиантлари тайёрланган. Ушбу йиллар давомида Республика миқёсида микробиология, вирусология ва иммунология фанидан ўтказилган фан олимпидаларида 11 нафар талаба совриндор бўлган.


