Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ТИББИЁТ НИҚОБЛАРИ: "Мakro"да қиммат, дорихоналарда эса йўқ, нега? (+ВИДЕО)​​
22:53 / 2020-03-18

Одамлар ўйлаганидек, дорихоналар ниқоблар ортидан бойимоқдами? Дарҳақиқат, ниқобларни топиш қийин бўлиб қолди. Бу ҳолат юзасидан дорихона эгалари нима дейди?


Ўзбекистонда коронавирусга чалинган биринчи бемор аниқланган куни дорихоналарда ниқоб, антисептик гель каби шахсий дезинфекция воситалари тез сотилиб кетган. Кейинчалик бу воситалар нархи қимматлашди ва кўпгина дорихоналарда қолмади.

Аҳоли авваллари 500-1000 сўм бўлган ниқоблар 3500 сўмга кўтарилганидан норози бўлмоқда. Дорихона эгалари ҳам ниқобларни қиммат нархда пуллаб, солиқ қўмитаси томонидан жавобгарликка тортилишидан хавотирда.

Бор-йўғи икки соатга ярайдиган кичик ниқобни 3000 сўмдан қимматга сотилиши кўпчиликни ҳайратга солмоқда. Лекин, оддийгина арзон бўлган ниқобларнинг қимматлашиб кетишига аслида дорихона эгалари айбдорми? 

Одамлар ўйлаганидек, дорихоналар ниқоблар ортидан бойимоқдами? Дарҳақиқат, ниқобларни топиш қийин бўлиб қолди. Бу ҳолат юзасидан дорихона эгалари нима дейди?

Шайхонтоҳур туманидаги дорихона директори Муқаддас Бекназарова бу борадаги муаммоларни баён қилди. Унинг айтишича, ниқобларни 400, 500 ва ҳатто 1500 сўмдан етказиб берувчиларнинг ўзи йўқ. 

Айни дамда пул ўтказиш йўли билан арзон нархга ниқоб сотувчиларни топиш қийин. Ниқоблар дорихоналарга етиб келгунча қимматлашиб кетмоқда. 

Айни дамда ниқобларни нақд пул билан муомала қилувчи тадбиркорлар тақдим этмоқда. Дорихоналар эса тадбиркорлик субъекти сифатида харидларини фақат пул ўтказиш йўли билан сотиб олиши даркор. 

Шу сабабли ниқобларни улгуржи сотувчилардан олиб, сотишнинг имконияти чекланган. Қолаверса, дорихоналар улгуржи савдода 3000-3200 сўм ва ундан ортиқ нархда сотиб олган ниқобнинг устига яна 20 фоиз устама қўйиб, сотса, харидорлар норозилигига сабаб бўлмоқда. 

Гўёки улар 500 сўмлик ниқобни фалон пулга сотиб бойиб кетаётгандек. 

“Ниқобларни етказиб берувчи улгуржи савдо билан шуғулланувчи фирмалар ниқобларга қўшиб, одатда кам сотиладиган маҳсулотлардан 8 миллион сўмлик харид қилиш юкламасини дорихоналарга мажбурлашмоқда. 

“Макро” савдо дўконларидан аҳоли 34 990 сўмдан 10 та ниқоб сотиб олишмоқда, аммо биз шу нархда сотсак, харидорлардан балога қоляпмиз. Шунингдек, текширув келиб бизни қиммат сотишда айблашидан ҳам хавотирдамиз. 

Хўш, нега “Макро”га 34990 сўмдан 10 та ниқоб сотиш мумкину, дорихоначиларга бу нархда сотиш тақиқланган? Биз шу нархга сотсак, инсофсизлик бўлармиш-да, “Макро”лар шу нархда сотса, ҳеч ким назоратга олмайди. 

Одамлар коронавирус тарқалишидан қўрқмоқда, касаллик юқишидан сақланишни истамоқда. Лекин, қани имкон? Ниқобларни қаердан олиш мумкин? Қаердан 400 сўмга ниқоб олиб, 500 сўмга сотишимиз мумкин?”, дейди дорихона директори Муқаддас Бекназарова.

Кўпгина дорихона эгалари ниқоб бўйича муаммога дуч келаётганини айтишди. Бироқ, кейинчалик тегишли ташкилотлар билан муаммога бормаслик учун очиқ видеоинтервью беришни исташмади. 

“Уйида ниқоб тикиб сотишга олиб келаётганлар ҳам камида битта ниқобни 1500 демоқда. Биз улардан ниқоб олиб сотаолмаймиз. Фирмаларга нақд пул билан маҳсулот олиш тақиқланган”, дейди яна бир дорихона эгаси. 

Дорихона директорининг фикрлари тўлиқ шаклда қуйидаги видеода.