Нурафшон шаҳрида Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев тиббиёт ходимлари, шифокорлар, ҳамкор соҳа мутасаддилари иштирокида тиббиёт соҳасидаги муаммо ва камчиликларни муҳокама қилди.
Унда асосий эътибор ҳозирги пайтда шифокорлар беморларга таклиф қилаётган дори-дармон воситаларининг сифати, берилаётган шифокор рецепти қай даражада асосли эканига қаратилди. Бу борада тизимдаги мавжуд муаммолар очиқчасига танқид қилинди ва уларни бартараф қилиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Вилоятда 5 минг 700 нафардан ортиқ шифокор беморларга рецепт ёзади. Масалан, Пискент тумани тиббиёт бирлашмаси хирург ва терапевт врачлари томонидан беморларнинг даволаниши учун ҳалигача 8-10 тагача дори воситаси ёзиб берилаётгани аниқланди.
[gallery-15736]
– Аҳоли томонидан билдирилаётган эътирозларни инобатга олиб, тиббиёт муассасаларидаги вазиятни бир неча ой давомида ўргандик, – дейди вилоят ҳокими Зойир Мирзаев. – Соҳадаги кўплаб раҳбарларнинг фаолиятига холис баҳо беришга етарлича тайёргарлик кўрдик.
Мажлисда тиббиёт соҳаси раҳбарларининг фаолияти танқидий таҳлил қилинди. Қайд этилдики, Ангрен, Оҳангарон шаҳарлари, Бекобод, Бўстонлиқ, Қибрай, Оҳангарон, Қуйи Чирчиқ, Пискент, Чиноз ва Янгийўл туманларидаги марказий шифохона бош шифокорлари маҳаллий дори воситалари ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорликни йўлга қўймаган. Улар томонидан хориж фирмалари маҳсулотларини беморларга тавсия қилиш билан боғлиқ ҳолатлар кўп учрайди.
Вилоятда тиббиёт соҳаси вакиллари беморлар учун зарур дори воситаларини арзонлаштириш, уларнинг даволаниши билан боғлиқ харажатларни камайтириш ҳақида ўйламагани, бу борада қулайлик яратмагани маълум бўлди. Шундан келиб чиқиб, айрим бош шифокорларга ҳайфсан берилиши айтилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/-O60hU_f7AQ" title="" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>А.Мусаев, Д.Эрназаров (сурат, видео), ЎзА мухбирлари