Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тиббий хизмат сифатини янада ошириш энг олий мақсад
10:51 / 2020-11-08

Касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олган яхши, деган нақл бор. Шунинг учун мамлакатимизда профилактик тиббиётни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Буни Қашқадарё вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази мисолида ҳам кўриш мумкин.

Мазкур шифо маскани 421 ўринга мўлжалланган. Бу ерда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шароитлар яратилган. Жумладан энг замонавий тиббий жиҳоз ва ускуналар келтириб ўрнатилган.

Президентимиз томонидан соғлиқни сақлаш тизимида ислоҳотларни янада такомиллаштириши бўйича берган кўрсатмаларига асосан вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида беморларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимларининг малакаси ва масъулиятини ошириш борасида муайян чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2019 йилда 46 нафар шифокор мутахассис малака оширган бўлса, шундан 3 нафари чет эл, яъни Россияда малака ошириб келган.

Таъкидлаш лозимки, Қашқадарё вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Тўлқин Расулов ва Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси вилоят ҳудудий бўлинмаси раиси Шоира Набиева 2019 йил 23- 28 сентябрь кунлари Россия Федерациясига ташриф буюрди. Ташриф давомида вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси вилоят ҳудудий бўлинмаси ва Россия федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ставрополь давлат тиббиёт университети ўртасида уч томонлама ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ушбу меморандумга асосан 2020 йил март ойида марказда Россия федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ставрополь давлат тиббиёт университети томонидан “Нефрология” бўйича онлайн тарзда сайёр цикллар ташкил этилди.

– Мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб барча соҳаларда катта ўзгаришлар рўй берди. Янгилик ва қулайликларни бирма-бир кўз олдимиздан ўтказсак, кеча билан бугунни холис туриб солиштирсак, замон тараққиётини эътироф эта олсак, тан олайлик мисол учун биргина соғлиқни сақлаш тизимидаги улкан ўзгаришларга ҳар биримиз гувоҳмиз, – дейди марказ раҳбари Тўлқин Расулов. – Айниқса, Президентимизнинг 2018 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мамлакатимиз тиббиёти тараққиётида янги даврни бошлаб берди. Сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш соҳасини тубдан ривожлантириш ва янгилашга қаратилган кенг қамровли лойиҳалар жорий қилинмоқда.

Вилоятлар ва туманлар марказларида янги шифохоналар барпо этилмоқда. Соҳадаги соғлом рақобат тиббий хизматнинг янада яхшиланишига хизмат қилмоқда. Қад ростлаган барча қулайликка эга шифо масканлари чет элдан келтирилган замонавий тиббий жиҳозлар, асбоб-ускуналар, дори-дармонлар билан узлуксиз таъминланиб келмоқда. Энг муҳими, оғир хасталикка чалинганлар эндиликда чет элларда сарсон бўлиб юрмайди. Энг қийин мураккаб операциялар ҳам шифохоналаримизда муваффақиятли амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунда марказимизда мураккаб юқори технологик жарроҳлик амалиётлари “Чаноқ-сон бўғимларида эндопротезлаш”, “Узун найсимон суякларда БИОС амалиёти”, “Каротид эндартерэктомия ва профундопластика (классик, эверсион усулда) ишемик инсультнинг олдини олиш”, “Артерио-веноз фистула ўрнатиш” операцияси (гемодиализ оладиган беморларга), “Бошни иккала тепа соҳасидаги суяк етишмовчилигини протокрил билан ёпиш операциялари”, “Бош мия пешона соҳасидаги ўсмаларини олиш”, “Отопластика”, “Увиллопластика” операциялари бажарилмоқда.

Марказда тегишли ихтисослашган тиббий хизматларни, шу жумладан юқори технологик тиббий ёрдамни олишда имтиёзли ва болаларни алоҳида ҳисобга олган ҳолда интернет тармоғи орқали шифокор қабулига масофадан электрон ёзилиш яъни автоматлаштирилган ахборот тизими ишга туширилди. Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг маслаҳат поликлиникаси рўйхатга олишдаги тиббий ходимлар ва беморлар билан ишлайдиган шифокорларнинг иш жойларини юқоридаги тизимга мослаштириш мақсадида компьютер жиҳозлари ва термопринтерлар билан таъминланди. Шифокорларнинг автоматлаштирилган ахборот тизимидан тўлақонли фойдаланиш мақсадида локал-ҳисоблаш тармоқлари яратилди. Электрон навбатни бошқариш тизимидан тегишли навбатга оид маълумотларни беморларга хабар бериш мақсадида ахборот панеллари (телевизорлар) ўрнатилди. Бундан ташқари Тошкентдаги энг йирик клиниклар ва чет эл клиникалари билан ишлаш ҳамда тажриба алмашиш мақсадида марказ йиғилишлар залида онлайн, яъни тўғридан-тўғри видеоконференциялар, анжуманлар, мураккаб операциялар ўтказилиши йўлга қўйилиб, туманлардаги беморларга онлайн маслаҳатлар бериш учун барча шароитлар яратилди.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, нафақат ушбу тиббиёт марказида балки вилоятдаги барча тиббиёт масканларида яратилаётган бу каби қулайликлардан кўзланган энг асосий мақсад ҳудуд аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, одамларнинг ҳам вақтини, ҳам нақтини тежаш, оворагарчилигини камайтиришдир.