Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тиббий хизмат сифати янада яхшиланади
10:32 / 2024-07-24

Президент топшириғи амалда

Мамлакатимиз Президентининг яқинда Бухоро вилоятига қилган ташрифи, барча шаҳар ва туманларда давом этаётган иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларнинг янада жадаллашувига катта туртки берди. Хусусан, бошланган бу эзгу ишларнинг самарасини ғиждувонликлар ҳар куни кундалик ҳаётида ҳис қилиб, унга бевосита гувоҳ бўлмоқда.  

Туманда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини яхшилаш мақсадида амалга оширилган яна бир янгилик барчани бирдек хурсанд қилди.  

Таъкидлаш лозим, Президентимизнинг Ғиждувон туманида белгилаб берилган вазифаларидан келиб чиққан ҳолда аниқ мақсадга йўналтирилган ва изчил чора-тадбирлар амалга оширилди. Натижада аҳолига давлат томонидан кафолатли, бепул шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишнинг яхлит тизимини ташкил этиш ишлари қисқа фурсатларда бошлаб юборилди. 

Туманда соғлиқни сақлаш тизимини янада ислоҳ қилиш мақсадида замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган ва малакали кадрларга эга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш бўлимини шакллантиришга жиддий эътибор қаратилмоқда.  

Бунинг амалий натижаси сифатида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Ғиждувон тумани марказий касалхонасига 53 турдаги жами 4,5 миллиард сўмлик 425 дона замонавий тиббий асбоб-ускуналар келтирилди.

Ушбу тиббий жиҳозларни топшириш маросимида туман ҳокими Ш.Ашуров иштирок этди. У мамлакатимизда халқимиз соғлиғини мустаҳкамлаш, айниқса, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, жисмонан соғлом ҳамда маънан баркамол авлодни вояга етказиш масаласига устувор вазифа сифатида эътибор қаратиб келинаётганлигини таъкидлади. Тиббиёт ходимлари ва аҳолига Ғиждувон туманида тиббий хизмат сифатини яхшилаш мақсадида кўзда тутилган режалар хусусида ахборот бериб ўтди. Хусусан, тиббиёт тизимини ривожлантиришга йўналтирилган ушбу замонавий тиббий асбоб-ускуналар одамларнинг узоғини яқин, мушкулини осон қилишга қаратилганини алоҳида эътироф этди.  

– Эндиликда ғиждувонликлар даво истаб пойтахтга отланишига зарурат қолмайди, – дейди туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Марат Рўзиев. – Чунки, илғор замонавий тиббий асбоб-ускуналар ёрдамида даволашнинг деярли барча замонавий усуллари эндиликда ўзимизда ҳам қўлланилади.  

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.