Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тиббий хизмат сифати ошмоқда
17:24 / 2025-11-25

Юртимизда тиббиёт соҳасини янада ривожлантириш, аҳоли соғлигини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда қилинаётган ҳар бир эзгу амал, ҳар бир ислоҳот “Инсон қадри учун” тамойилига асосан олиб борилмоқда.

Жумладан, Навоий вилояти марказидан 60 километр узоқда жойлашган Зафаробод қўрғонида ҳам тиббий хизматлар сифати сезиларли ўзгармоқда. Илгари фақат катта шифохоналарда учраш мумкин бўлган амалиётлар эндиликда шу ҳудуднинг ўзида амалга ошириляпти. Бунга “НКМК жамғармаси” давлат муассасасига қарашли “Зафаробод” ҳудудий бошқармаси тиббий санитария қисмида олиб борилаётган ислоҳотлар, замонавий ускуналар ва малакали мутахассислар меҳнати натижасида эришилмоқда.

2024 йил давомида муассаса поликлиникасида 98 мингга яқин бемор қабул қилинди, 3 мингдан ортиқ бемор стационарда даволанди. Тиббий хизмат қамрови ортиб, ҳудуд аҳолисининг шифохонага бўлган ишончи ҳам кучайди. Энг муҳими, бугунги кунда одамлар даволaниш учун узоқ йўл босиб вилоят марказига боришга мажбур эмас. 

– Сўнгги йилларда энг катта ўзгаришлардан бири — юқори технологияли жарроҳлик амалиётларининг жойларда йўлга қўйилиши бўлди, – дейди “Зафаробод” тиббий санитария қисми бошлиғи Илҳомиддин Пирматов. – Илгарилари лапароскопик операция ёки варикоз учун лазерли даволашни фақат вилоят марказида амалга ошириш мумкин эди. Бугун эса ушбу мураккаб амалиётлар ўзимизда бажарилмоқда. 2024 йилдаги 362 та жарроҳлик амалиётидан 31 таси юқори технологик операциялар бўлиб, санитария қисмимизда фаолият олиб бораётган малакали шифокорларимиз томонидан бажарилди. 

Шифо масканида ташхис қўйиш бўйича ҳам катта қадам ташланди. Муассасага авторефрактометр, контактсиз тонометр, тирқишли лампа ва ИФА анализатор каби замонавий ускуналар келтирилиши орқали кўз, қон ва иммунологияга оид кўплаб касалликлар эрта аниқланиб, муолажа имкониятлари оширилмоқда. Йўл-транспорт ҳодисаларида жароҳат олган фуқароларга кўрсатилаётган шошилинч ёрдам сифати ҳам ошди. Жумладан, 2024 йилнинг ўзида 227 нафар жабрланувчига тез ва малакали ёрдам кўрсатилди.

2025 йил эса тиббиёт тизими учун янги босқич бўлди. “Навоийуран” давлат корхонаси кўмагида замонавий реанимобил харид қилинди. 

Хотин-қизлар саломатлиги бўйича ҳам муҳим янгилик амалга оширилди, бачадон бўйни саратонини эрта аниқловчи видеокольпоскопия усули амалиётга жорий этилди. Бу технология кўплаб аёлларнинг ҳаётини сақлаб қолиш имконини яратади. Стоматология бўлимида эса радиовизиограф ўрнатилиб, тиш касалликларини тез ва аниқ тасхиш қўйиш имконияти пайдо бўлди.

Муассасада мутахассислар малакасини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Шифокорлар республика ва хориждаги курсларда иштирок этиб, замонавий тиббиёт тажрибасини ўрганиб қайтмоқда. Буларнинг барчаси ортида Зафаробод аҳолисига сифатли, хавфсиз ва замонавий тиббий хизмат кўрсатиш мақсади турганлиги аҳамиятлидир. 

Энг муҳими, йирик тиббий марказлардагина учрайдиган шароитлар бугун Зафарободда ҳам мавжуд. Ҳудуд тиббиёти нафақат ўзгармоқда, балки юксалиб боряпти. 2026 йилга қадар яна қатор янги технологиялар, хизмат турлари ва халқаро стандартлар асосида малака ошириш дастурлари жорий этилиши режалаштирилган. Демак, Зафарободда ҳар бир бемор учун замонавий, қулай ва ишончли тиббий хизмат янада яқинлашмоқда.

А.Бўриев, ЎзА мухбири