Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Навоий вилояти бўлими ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Навоий филиали ҳамкорлигида “РШТЁИМ Навоий филиали тизимида 2024 йил давомида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар” мавзусида матбуот анжумани ҳамда пресс-тур ташкил этилди.
Бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар ва соҳа масъуллари иштирок этган тадбирда РШТЁИМ вилоят филиали бош шифокори Баҳром Жалолов тизимда олиб борилаётган янгиланишлар, амалга оширилган ишлар, келгусидаги режалар ҳамда соҳани коррупциядан холи ҳудудга айлантиришга қаратилган чора-тадбирлар юзасидан маълумот берди.
Бугунги кунда марказни замонавий тиббий техника воситалари билан жиҳозлашга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, 2024 йилда 200 ўринли марказ тўлиқ таъмирдан чиқарилган бўлса, барча бўлимларга янги тиббий ускуна ва жиҳозлар келтирилди. Беморларнинг яқинларига қулайликлар яратиш мақсадида 2 та кутиш зали қурилди.
– Филиалимизга 2024 йил давомида қарийб 47 минг нафар бемор мурожаат қилган бўлиб, бу ўртача кунлик 130 тани ташкил этади, – дейди филиал бош шифокори Б.Жалолов. – Мурожаат қилган 34 минг нафар беморга амбулатор ёрдам кўрсатилган бўлса, 13 минг нафар бемор даволаниб чиққан. Шунингдек, 4021 нафар беморда жарроҳлик, 1734 нафар беморда эса юқори технологик амалиётлар ўтказилган. Филиалимизнинг малакали шифокорлари томонидан мунтазам равишда туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларига амалий ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари билан ҳамкорликда 60 дан ортиқ амалиёт бажарилган, 30 нафар бемор туман тиббиёт бирлашмаларида даволанишга имконият бўлмаганлиги учун амалий ёрдам сифатида филиалимизда даволанган.
Филиалда тиббий хизматнинг самарадорлигини ошириш ва такомиллаштириш, ташхис қўйиш ва даволаш тизимини стандартлаш, юқори технологик усулларни жорий этиш борасида мунтазам ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Жумладан, жорий йилнинг биринчи чорагида тизимда иш юритишни рақамлаштириш ишлари якунланиб, PACS ( тиббий тасвирлар миллий базаси) ва IMIS SEMP дастури орқали ички интеграция яратилди.
Матбуот анжумани якунида иштирокчилар филиалда ташкил этилган “Клиник фанлар” кафедраси, пуллик хизмат кўрсатиш бўлими, 2024 йилда ташкил этилган Ангиография ва бошқа бўлимларда бўлди.
Ангиография бўлимига Швейцариянинг “Daytech” компанияси билан ўзаро келишув асосида 530 минг АҚШ долларлик замонавий тиббий жиҳоз келтирилган бўлиб, бугунги кунда юрак-қон томир касалликларини эрта аниқлаш ҳамда олдини олишда фойдаланилмоқда. Шунингдек, тиббий аппаратдан нейрохирургия, неврология, кардиология, қон-томир жарроҳлигида, урология ва терапияда фойдаланиш мумкин.
– 2024 йилда Навоий давлат университети билан меморандум имзоланиб, сентябрь ойидан бошлаб, филиалда “Клиник фанлар” кафедраси ташкил этилди, – дейди Б.Жалолов. – Бу ерда 50 нафар ўқитувчи 16 та йўналиш бўйича ўқув машғулотларини олиб бормоқда. Шунингдек, 3 нафар фан номзоди, 15 нафар ходимларнинг илмий ишлари илмий кенгашлар орқали тасдиқланди. Жорий йил якунига қадар 8 нафар ходим ўз илмий ишини якунлаши кутилмоқда. Клиник ординатура йўналиши орқали 30 нафар шифокор тор мутахассислик бўйича тайёрланмоқда.
[gallery-22359]
Тадбир давомида журналистлар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш, соҳага янги бошқарув усулларини жорий этиш, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш, давлат тиббий суғурта механизмларини амалга ошириш, коррупциянинг олдини олиш, соҳага инвестицияларни кенг жалб этиш борасидаги саволларига атрофлича жавоб олди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари