Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиали ангиография бўлимига янги замонавий ускуна келтирилди. Мазкур бўлим 920 миллион сўм маҳаллий бюджет маблағи эвазига реконструкция қилиниб, фуқароларга энг биринчи, сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 550 миллион АҚШ доллари эвазига ангиография тиббий ускунаси ўрнатилди.
Шу муносабати билан ўтказилган тадбирда вилоят ҳамда шаҳар ҳокимлиги, соғлиқни сақлаш соҳаси раҳбарлари иштирок этди.
Очилиш маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосари Акмал Савурбаев сўзга чиқиб, бугунги кунда тиббиёт тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, кадрлар салоҳияти ва аҳоли саломатлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида гапирди.
Мазкур ускунадан самарали фойдаланиш мақсадида Марказга 1 нафар тажрибали интервенцион кардиолог шифокор жалб қилинган. Марказнинг 2 нафар шифокори махсус курсда ўқитилди. 3 нафар ўрта тиббий ходим Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ангиография бўлимида малака ошириб келди. Шунингдек, ҳозир яна 2 нафар шифокор ходим малака ошириш институтида ўқитилмоқда.

Эндиликда беморлар ўз саломатликларини тиклаш учун пойтахтга ёки бўлмаса қўшни вилоятларга қатнамайди. Шу ернинг ўзида юқори технологик жарроҳлик амалиётлари бажарилади. Натижада бир йилда 100 дан ортиқ миокард инфарктининг олди олинади. 300 нафардан зиёд инфарктолди ва инфарктдан кейинги ҳолатдаги беморлар, 100 нафардан ортиқ ишемик инсульт билан оғриган беморларга юқори технологик ёрдам кўрсатилади.
Бундан ташқари, туман, шаҳар тиббиёт бирлашмаларидаги соҳа мутахассислари билан телемедицина орқали алоқа йўлга қўйилади.
–Ушбу тиббий жиҳоз ёрдамида коронография, юрак тож томирларини стентлаш ва тромбларни олиб ташлаш, электрокардиостимулятор ўрнатиш, бош мия қон томирларини стендлаш ва тромбларни олиш, буйрак артерияларини стендлаш, оёқ қон-томирларини стендлаш ва кенгайтириш, бачадон миомасини эмболизация қилиш каби тиббий амалиётларни амалга ошириш имконияти яратилди, – деди ангиография бўлими бошлиғи Шаҳзод Асқаров. – Айни кунда вилоятимизда 50 ёшдан юқори аҳолининг 25-30 фоизи юрак ишемик касаллиги билан диспансер назоратида туради. Шуниси аҳамиятлики, аҳолининг жуда кўп қисми марказга юрак ишемик касаллиги сабабли биринчи ёрдам олиш мақсадида мурожаат қилади. Буни статистика билан қайд этадиган бўлсак, 2023 йил бўйича юрак хуружи билан тушган 116 нафар беморнинг 37 нафарига эрта диагностика қилинмаганлиги сабабли миокард инфаркти ташхиси қўйилган. Шу касаллик билан мурожаат қилиб стационар ётқизилган 201 нафар бемордан 57 нафарида биологик ўлим қайд этилган. Эндиликда юқорида келтирилган ҳолатларнинг олди олинишида бизда имконият яратилди.

Тадбир сўнггида йиғилганлар замон талабларига мос тарзда жаҳозланган ангиография бўлимида беморлар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари