Кечагина эди, қон томирларга стенд қўйиш учун хорижий давлатларга борар эдик. Бугунчи?
Абдурасул Азимов Тожикистонда яшайди. Оёқлари оғриқ берди. Охир -оқибат юролмай қолди. Тизза, тос бўғим суяклари емирилган, дейишди шифокорлар. Шунда бемор Ўзбекистонга, Бешариқ туманининг Яккатут қишлоғидаги “Ихлос” клиникасига жарроҳлик амалиёти ўтказиш учун келди. Ха, сиз тўғри эшитдингиз. Тошкент шаҳрига эмас, ҳатто Фарғонага ҳам эмас. Вилоят марказидан 150 километр узоқликдаги Бешариқ туманининг Яккатут қишлоғига даво излаб келди тожикистонлик бемор.

–Мен Тожикистонданман, –дейди бемор Абдурасул Азимов. –Тўрт ой аввал ўнг тиззамни даволатдим. Илгари юра олмас эдим. Бугун чап тиззам операция қилинади.


Шу қишлоқда туғилиб, вояга етган Салоҳиддин Аслонбеков моҳир жарроҳ бўлиб етишди. Уни мамлакатнинг нуфузли шифохоналарига ишга таклиф этдилар. Лекин Салоҳиддин ўзининг қадрдон қишлоғида тиббий хизматни ривожлантиришни афзал кўрди. “Ихлос” клиникасига асос солди. Шогирдлар тайёрлади. Замонавий тиббий техник воситалар олиб келди. Жарроҳликда энг оғир ва нозик амалиётларга ҳам қўл урдилар. Мана энди “Ихлос” овозаси бошқа вилоятлар, ҳатто қўшни давлатларга ҳам етди. 2025 йилнинг ўзида 30 мингдан ортиқ беморга амбулатор ва стационар хизмат кўрсатилди. Тиббий суғуртани биринчилардан бўлиб амалиётда қўллади. Тиббий хизмат экспортида эса вилоятда энг юқори ўринга кўтарилди.


–Тожикистоннинг 3 мингга яқин фуқаролари бизда тиббий муолажани олди. 600 таси ётиб даволанди. Уларнинг аксариятида юқори технологик жарроҳлик амалиёти ўтказилди, –дейди “Ихлос” клиникаси бош шифокори Салоҳиддин Аслонбеков.
“Ихлос”да даволанаётганлар ундаги малакали хизматга ишонадилар. Шунинг учун бошқа юрт, вилоят ва туманлардан ҳам шу ерга келишади. Мамлакатхон Маҳкамовага ўзи яшаш жойида синиб майдаланиб кетган оёқ суякларини тиклаб бўлмайди, дейишган. Шунда уни Яккатут қишлоғига олиб келдилар.


–Йиқилиб тушдим. Шу ерда шифокорлар оёқ суякларини қайта териб жойига қўйдилар. Ҳозир яхшиман.
–Бемор йиқилганда сон суягининг қуйи қисми майдаланиб кетган, –дейди Салоҳиддин Аслонбеков. –Уни сих тортмада қайта тикладик. 30 сантиметрли пластинка қўйдик. Илгари гипс қўяр эдик. Энди янгича усул қўлладик. Бемор эртагаёқ оёққа туради.
Емирилган тизза, тос суякларини кесиб олиб ташлаш, ўрнига сунъий суяк ва ошиқ-мошиқлар ўрнатишнинг ҳаддини олган Салоҳиддин Аслонбеков ва унинг шогирдлари режалари катта. Бу йил тирсак, елка, бел бўғимларида жарроҳлик амалиёти ўтказишмоқчи.
–Бунинг учун мутахассисларимиз январь ойида Америкада, апрель ойида Италияда, май ойида Германияда малака ошириб келади, –дейди бош шифокор.
Ҳа, шу ерда фидойилик кўрсатиб таниқли шифокор бўлган мутахассислар Америка, Европа тажрибасини Яккатут қишлоғида муваффақият билан амалга оширишяпти. Тиббий хизмат экспорти ҳажми ортганининг боиси ҳам аслида шунда.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/TqlozBrmIxI" title="Tibbiy xizmat eksporti oshmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА