Давлат раҳбарининг 2025 йил 6 мартдаги «Сирдарё вилоятида ишбилармонлик муҳити, инфратузилма ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан, Сирдарё туманининг “Шоликор” маҳалласида 1978 йилда қурилган ва 1999–2025 йилларда қишлоқ врачлик пункти сифатида фаолият юритиб, айни вақтда 1-сон оилавий поликлиника сифатида хизмат кўрсатган муассасанинг “1” рақамли филиали иш бошлади.
Қарийб 3 минг нафар аҳолига хизмат кўрсатувчи янги филиалда 1 нафар шифокор ва 5 нафар малакали ҳамшира фаолият юритади. Барча зарурий тиббий жиҳозлар билан тўлиқ таъминланган замонавий шарт-шароитлар яратилган. Шунингдек, муассасада 4 нафар бемор учун мўлжалланган стационар даволаниш ўринлари ташкил этилган бўлиб, қисқа муддатли даволаниш ва тиббий кузатув имконияти ҳам мавжуд.

Поликлиника филиалида реконструкция ва таъмирлаш ишлари тўлиқ якунланди. Энди аҳоли учун ёруғ, кенг ва қулай шарт-шароитларда тиббий хизмат кўрсатиш имконияти яратилди. Янги филиал нафақат кундалик қабул ва профилактика хизматларини таъминлайди, балки қисқа муддатли стационар даволаниш ва тиббий кузатувни ҳам самарали ташкил этади.

– Филиалнинг очилиши маҳалла аҳолиси саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлиб, сифатли тиббий хизматни ҳудуд аҳолисига яқинлаштиради ва маҳаллий тиббий инфратузилмани ривожлантиришда катта аҳамиятга эга, — дейди туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Акромжон Азизқулов.

Бундан олдин аҳоли узоқ йўл босиб, “Шоликор” маҳалласидаги оилавий поликлиникага қатнар эди. Бу айниқса ёзнинг жазирамаси, қиш қировли ва ёғингарчилик кунларида сезиларли қийинчилик туғдирган. Президентимизнинг мазкур қарори туфайли бу муаммога самарали ечим топилди. Энди аҳоли узоқ масофа босмай, ўз ҳудудида янгидан иш бошлаган оилавий поликлиникадан ва унда меҳнат қилаётган тиббиёт ходимлари хизматидан тўлиқ баҳраманд бўлади.
Янги филиал нафақат кундалик қабул ва профилактика хизматларини таъминлайди, балки маҳаллий аҳолига қисқа муддатли стационар даволаниш ва тиббий кузатув имконини ҳам тақдим этади, бу эса тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини сезиларли оширади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири