Ижтимоий тармоқларда Доктор Исчанов номи билан танилган, айни пайтда хорижда яшаб, таҳсилини давом эттираётган юртдошимиз навбатдаги чиқишида Тошкент вилоятидаги сайёр қабулларда ҳайвонларни текширадиган аппаратдан одамларни кўрикдан ўтказишда фойдаланилганини кўтариб чиқди.
Гап шундаки, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ижтимоий тармоқларига, хусусан телеграм каналига кеча, 26 апрель куни соат 18:19да “Nurafshon TV” томонидан эфирга узатилган видеолавҳа жойлаштирилди. Унга кўра, Тошкент вилоятидаги туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаси раҳбарлари томонидан ҳудудларда сайёр қабуллар ўтказилиб, аҳоли олдида ҳисобот топширилган. Видеолавҳада аниқланган муаммоларни туман ва шаҳар даражасида манзилли ҳал қилиш чоралари кўрилаётгани ҳақида ҳикоя қилинган.
Доктор Исчановнинг айтишича, мазкур тиббий кўрик жараёнида бундан 15 йиллар аввал Хитойда ишлаб чиқарилган, уй ҳайвонларини текшириш учун мўлжалланган УЗИ аппаратидан фойдаланилган.
Шифокор буни кўриб, ҳайратдалигини айтади. 2022 йилда замонавий тиббиётимиз 15 йил аввалги ит ва бошқа ҳайвонларни текширадиган аппаратни ишлатиб, одамларни чуқурлаштирилган текширувлардан ўтказяпмиз, деб алдашини қандай тушуниш мумкин, дея таъкидлайди.
Унинг фикрича, сўнгги русумдаги жиҳозлар учун давлатимиз томонидан пул ҳам ажратилган, олиб ҳам берилган. Аммо улар текширувлар келганда мана деб, кўрсатиш учун қайсидир омборхоналарда ётибди.
Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси билдирган расмий муносабатга кўра, ижтимоий тармоқларда тарқалган бу каби хабарлар асоссиздир. Яъни Олмалиқ шаҳридаги сайёр тиббий кўрикда ветеринар текширувларга мўлжалланган УТТ аппаратидан фойдаланилмаган.
Расмий муносабатда қайд этилишича, биринчидан, Олмалиқ шаҳридаги тиббий кўрик жараёнида фойдаланилган УТТ аппарати, юқоридаги хабарларда айтилганидек, Хитойда ишлаб чиқарилган, ветеринар текширувларга мўлжалланган “Esaote Aquila VET” қурилмаси эмас. Аввало, “Esaote” — Италия компанияси эканлигига аниқлик киритишимиз шарт. Бу компания томонидан 2000 йиллар бошида “Esaote Aquila VET” модели остида ҳам қурилма ишлаб чиқарила бошлаган.
Бироқ видеолавҳада кўрсатилган аппарат эса “Esaote Akuila PRO” деб номланади. У умумий клиник ультратовуш, яъни инсонларни тиббий кўрикдан ўтказиш, диагностика қилиш учун мўлжалланган. №531808045 серияли мазкур ускуна Олмалиқ шаҳар туғруқ комплексига 2008 йилда “Саломатлик-2” дастури доирасида келтирилган. У ҳозирги кунга қадар соз ҳолатда.
Умуман, ультратовуш аппаратлари стационар, портатив мобиль қурилмаларга ажратилади. Бирламчи кўрикда мобиль портатив ускуналардан фойдаланилиши табиий ҳол. Чунки ана шу кўриклар натижаларига кўра, беморлар чуқурлаштирилган тиббий текширувга йўналтирилади.
“Esaote Akuila PRO” аппарати ҳам ихчам ва фойдаланиш учун қулай бўлган портатив мобиль қурилма ҳисобланади. Шу туфайли ундан сайёр тиббий кўриклар ва уйда ётиб қолган беморлар текширувида фойдаланилади. Иккинчидан, ультратовуш диагностика аппарати тиббиётнинг турли йўналишларида ишлатилиши ва тана аъзоларининг эхографик тасвирини ҳосил қилиб беришга хизмат қилишини эслатиб ўтмоқчимиз. Бу ўринда тасвирнинг ёрқинлиги ва контраст кўрсаткичлари асосий сифат мезони ҳисобланади.
Яъни тўқималарни бир-биридан ажратиш ва таркибий тузилмаларини кўрсата олиш ҳисобига УТТ шифокори ички аъзолар ҳолатига баҳо бера олади. “Esaote Akuila PRO” аппарати орқали олинаётган тасвирлар ана шу талабларга жавоб беради.
Моҳигул Қосимова, ЎзА