Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тиббий кўрик ва профилактика тадбири
14:30 / 2026-02-12

Сирдарё вилояти, Гулистон туманидаги А. Навоий ва “Боёвут” оилавий шифокорлик пунктларида туманнинг А.Навоий, Теракзор, Соҳил ва Боёвут маҳаллаларда истиқомат қилаётган 8-синфдан 11-синфгача бўлган қизлар учун кенг қамровли тиббий кўрик ташкил этилди. Тадбир “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг Сирдарё вилояти филиали ҳамда туман маҳаллалар уюшмаси ташаббуси билан ўтказилди.

Мазкур чора-тадбир 11 февраль — “Илм ва фан соҳасидаги аёллар ва қизлар халқаро куни” муносабати билан ҳамда фонднинг йиллик чора-тадбирлар режаси асосида амалга оширилди.

Тиббий кўрик жараёнида нафақат фонднинг патронаж бригадаси аъзолари, балки туман тиббиёт бирлашмасининг юқори малакали мутахассислари ҳам иштирок этишди. Улар орасида терапевтлар, акушер-гинекологлар, ЛОР ва офтальмологлар, шунингдек, УТТ ва ЭКГ бўйича мутахассислар бор эди. Қизлар саломатлиги кенг кўламда текширилди: улар УТТ ва ЭКГдан ўтказилди, офтальмолог назоратида кузатилди ҳамда акушер-гинеколог ва тор соҳавий мутахассислар томонидан комплекс текширувдан ўтказилди.

Шунингдек, тадбирда 100 нафарга яқин аҳоли вакиллари ҳам иштирок этди. Саломатлигида муаммоси бўлган ёшлар тиббий кўрикдан ўтказилди ва уларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш ҳамда профилактика масалалари бўйича амалий тавсиялар тақдим этилди. Шунингдек, иштирокчиларга соғлом турмуш тарзи ва профилактика бўйича маслаҳатлар ҳам берилди.

Иштирокчиларга “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди томонидан бепул дори-дармон ва витаминлар тақдим этилди. Шу билан бирга, соғлом овқатланиш, соғлом турмуш тарзи ва тиббий профилактикага оид ахборот-тарғибот материаллари тарқатилди.

–   Бу тадбир нафақат ёш қизлар саломатлигини назорат қилиш ва уларга тиббий ёрдам кўрсатишга қаратилган муҳим қадам, балки уларнинг соғлом ривожланиши ва барқарор ҳаёт тарзини шакллантиришда ҳам аҳамиятли, –   деди “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Сирдарё филиали раҳбари, педиатр Юлдуз Усмонова.

Мазкур ташаббус нафақат Гулистон туманида, балки вилоятнинг бошқа ҳудудлари, жумладан олис ва чекка маҳалла тиббиёт пунктларида ҳам кенг жорий қилинади. Бу эса ёш авлод орасида профилактик тиббий ёрдамни кенг қамровда жорий этиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири