Бухоро шаҳридаги 9-оилавий поликлиникада Бухоро давлат тиббиёт институти профессор-ўқитувчилари ва “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Бухоро ҳудудий филиали мутахассислари ҳамкорлигида “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси учун тиббий кўрик ташкил этилди.
– Поликлиникада жами 165 нафар тиббиёт ходими меҳнат қилади, –дейди поликлиника бош шифокори Хушнуд Жалилов. – Ходимларимиз шаҳардаги “Гулшан”, “Варахша”, “О.Хўжаев”, “Тўқимачи”, “Фошун”, “Дўстлик”, “Истиқлол”, “Лоша” ва “Хўжамушкин” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида яшовчи 42 минг 662 нафар аҳолига бирламчи тиббий-санитария хизматини кўрсатиб келмоқда.
Тадбир давомида маҳалла фуқаролар йиғинининг 116 нафар аҳолиси лаборатор-инструментал текширувдан ўтказилди. Барча тор доирадаги мутахассислар кўриклари ташкил этилди. Тиббий кўрик натижасида фуқароларнинг 39 нафарида касаллик аниқланди. 35 нафарига амбулатор шароитда даволаниш тавсия этилди. 4 нафарига Бухоро шаҳар марказий касалхонасида стационар шароитда бепул даволанишлари учун имтиёзли йўлланмалар тақдим этилди. Ҳудудда аниқланган III-IV хавф гуруҳига мансуб фуқароларни соғломлаштириш ҳамда ҳамкорликдаги маҳаллабай ишлар поликлиникада тизимли равишда олиб борилмоқда.
Шунингдек, тиббий кўрик жараёнида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Бухоро ҳудудий филиали мутахассислари томонидан 45 нафар кексалар ёшга оид кўз ойнаклар билан таъминланди. 17 нафар бемор 8 турдаги дори-воситалари билан бепул таъминланди. Уй шароитида даволанишлар бўйича соғломлаштириш режаси тузилиб, даволаш-соғломлаштириш тадбирлари бошлаб юборилди.
Ҳудуддаги ётоқ ҳолатдаги ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг уйига борилди. Улар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб зарур тавсиялар берилди. Бундан ташқари, тиббиёт ходимлари томонидан аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, хусусан жисмоний фаолликни ошириш, мунтазам равишда ҳар куни эрталаб ва кечки овқатдан сўнг пиёда юриш, зарарли одатлардан воз кечиш юзасидан давра суҳбатлари ўтказилди. Соғлом овқатланиш тамойиллари бўйича кўргазма ташкил қилинди. Фуқароларга мумкин ва мумкин бўлмаган маҳсулотлар бўйича батафсил тушунча берилди.
Зариф Комилов, ЎзА