Тошкент давлат стоматология институти томонидан Финляндиянинг нуфузли университети билан ҳамкорликда “Medicine and innovations” халқаро илмий журнали ташкил этилди.
Журналда таълим ва илмий-амалий муассасалар докторантлари ва мустақил изланувчиларнинг илмий изланишлари натижаларига доир материаллар, тиббиёт соҳасининг турли йўналишларида фаолият олиб бораётган олимларнинг минтақа ва жаҳондаги долзарб муаммолар борасидаги тадқиқотларига бағишланган илмий мақолалари мунтазам бериб борилади.
– Нашрнинг асосий мақсади давлат таълим стандартига мувофиқ замонавий дастурлар асосида ўқитишнинг сифатини таъминлаш, илмий педагогик кадрлар ва таълим олувчиларнинг илмий-ижодий фаолияти, илмий тадқиқотлари ёрдамида фан, техника, технологияларни ривожлантириш, тиббиёт ва таълим жараёни орқали мамлакат иқтисодиётининг тараққиётига ҳисса қўшадиган мавзулардаги материалларни ёритишдир, – дейди Тошкент давлат стоматология институти ректори Нодир Ҳайдаров. – Журнал таҳририяти Финляндия, Англия, Италия, Чили, Россия ва Козоғистон давлатларининг етакчи олий таълим муассасалари ва илмий марказларининг профессорларидан иборат.
Айни пайтда журнални “Scopus, Web of science”, “РИНЦ” сингари халқаро базаларга аъзо қилиш бўйича тегишли ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, хорижий мутахассислар билан тиббиётнинг турли йўналишларида яратилаётган инновациялар бўйича хулосаларини ўртоқлашиш борасида музокаралар олиб борилмоқда.