Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ТХВУ ва Ўзбекистон Иқтисодиёт Ассамблеяси ўртасида меморандум имзоланди
20:53 / 2022-09-22

Бугун, 22 сентябрь куни Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети ва Ўзбекистон Иқтисодиёт Ассамблеяси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Олий Мажлис Сенати ҳамкорлигида кучга кирган ушбу ҳужжатнинг асосий мақсади – ТХВУнинг “innoWIUT” инновацион тадбиркорлик марказидаги “корпоратив инновациялари” доирасида тадбиркор, инвестор ва талабалар ўртасида алоқа ўрнатишдан иборат.

Анжуманда “InvestHUB” ишга туширилиши талабаларни Иқтисодий Ассамблеянинг бир қисми бўлишга, мамлакатимиз иқтисодиётига ижобий ҳисса қўшишга хизмат қилиши таъкидланди. Шунингдек, томонлар мазкур меморандум тартиб-қоидаларини амалга ошириш мақсадида 2022 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар дастурини имзолади.

Мулоқот чоғида Ассамблея ва университет ҳар икки томон учун ҳамкорликнинг потенциал афзаллигини очишга ёрдам берадиган “InvestHUB” номли қўшма лойиҳани ишга тушириши маълум қилинди.

Иқтисодиёт ассамблеяси раиси Мухтор Умаров имзоланган ҳужжат хусусида тўхталаркан, у олийгоҳда таҳсил олаётган талабаларнинг лойиҳа доирасида ишбилармонлик салоҳияти ортишини айтди. Хорижий тадбиркорлар билан кечадиган музокараларнинг ҳаётий жараёнларида, жумладан, халқаро ҳамкорлар ўртасида инвестиция, савдо ва технологиялар трансфери бўйича келишувларда иштирок этишига яхши платформа яратилганини алоҳида қайд этди.

Йиғилишда, шунингдек, “InvestHUB” лойиҳаси бошланганидан сўнг дастлабки икки ҳафта ичида томонлар бир йиллик йўл харитани тайёрлашлари тўғрисида сўз юритилди. Айтилдики, йўл харитада тадбирлар, вазифалар ва муддатлар кўрсатилган бўлади. Бундай йўл хариталари томонлар ҳамкорликни давом эттирар экан, доимий равишда тайёрланади.

– Меморандум доирасида ҳар икки томон ишчи делегацияларининг мунтазам ташрифи, долзарб мавзуларда анжуман, форум, семинар, давра суҳбатлари ўтказиш режалаштирилган. Талабаларимиз мазкур лойиҳалар орқали юртимиз иқтисодиётини янада ривожлантиришга ўз ҳиссаларини қўшишига ишонч билдирамиз. Манфаатларимиз бир, ҳаракатларимиз бирлашди, – деди ТХВУ ректори Баҳром Мирқосимов.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Иқтисодиёт Ассамблеяси давлат ва нодавлат ташкилотлари ўртасида мулоқот муҳитини шакллантириш, республикамизда тадбиркорликни ривожлантириш, чет давлатлардаги йирик корпорация ва савдо тармоқлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилган.

Мамлакатимиз иқтисоди ва бизнес олами учун янгилик бўлган мазкур ассамблея ўзида 12 та маҳаллий илғор ассоциация ва миллий марказларни бирлаштиради. Давлатимиз иқтисодиётидаги ўзгаришлар, қонунчилик ва давлат дастурларида нодавлат бизнес сектори вакилларининг иштирокини таьминлаш, уларнинг маҳаллий ва халқаро ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш, тадбиркорлар фаолиятидаги масалаларни юқори давлат ташкилотларига етказишда кўмаклашиш ташкилотнинг устувор вазифаларидир.

Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетига келсак, мазкур олий таълим Ўзбекистондаги биринчи халқаро университет, қолаверса, Марказий Осиёда биринчи халқаро Британия олий таълимини тақдим этувчи муассаса.

Беҳруз Худойбердиев, ЎзА