English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ТХВУ инклюзив университетни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда
21:23 / 2022-05-17

Бугун, 17 май куни Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университетида «Инклюзив университет» анжумани ўз ишини бошлади.

Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Британия Кенгашининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси, Тошкент шаҳридаги халқаро Вестминстер университети (ТХВУ) ва Вестминстер университети (Буюк Британия) ҳамкорлигида ташкил қилинди.

Мулоқотда мамлакатимизда инклюзив олий таълим муассасаларини келажакда ривожлантириш, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор Ривожланиш Мақсадларини (БРМ) узлуксиз амалга ошириш, ҳамда Ўзбекистонда инклюзив университет таълимининг асосий йўналиши, устувор вазифаси ва галдаги қадамларини аниқлаш билан боғлиқ муҳим масалалар кўриб чиқилди.

Тадбирни Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети ректори Баҳром Мирқосимов очиб бераркан, шундай деди:

– Бу муҳим анжуман, олий ўқув юртларига кириш чоғида ёшларимиз оғир синовларни бошидан кечиради. Мазкур учрашув талаба ёшларга имкониятдан тенг фойдаланишни таъминлаш бўйича илғор тажриба ва сиёсатни янада илгари суриш бўйича муҳим омил бўлади, деб ўйлайман. Шу боис, университетимиз ушбу долзарб мавзуларни кун тартибига киритиш, шунингдек, ҳар бир шахс учун барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишга интилиб келмоқда.

Анжуманда, шунингдек, аёллар имкониятини кенгайтириш, хотин-қизларнинг таълим олиши, алоҳида таълим ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оила вакилларининг таълим олиш ҳуқуқи билан боғлиқ ишлар хусусида сўз юритилди. Амалий семинар тренинглар чоғида иштирокчилар амалий тадқиқот ва мавжуд тўсиқларга оид мисоллар ҳамда уларни қисқа ва узоқ муддатда ҳал қилиш усулларини тақдимот тариқасида намойиш қилди.

Маълумот учун, ТХВУ мамлакатимиздаги илк халқаро университет бўлиб, Марказий Осиёда биринчилардан бўлиб халқаро Британия олий таълимини тақдим этган. Даргоҳ Буюк Британиядаги Вестминстер университети томонидан тўлиқ тан олинган муассаса ҳисобланади.

– ТХВУ миссияси Марказий Осиё ва халқаро миқёсда ҳамжамиятларнинг интеллектуал, ижтимоий ва касбий ривожланишига ҳисса қўшадиган халқаро стандартга мувофиқ таълим ва тадқиқот имкониятини тақдим этишдан иборат, – дейилади университет ахборот хизмати хабарида. 

– Олий ўқув юрти БМТнинг Барқарор ривожланиш ечимлари тармоғи (SDSN), Халқаро университетлар ассоциацияси ва «Advance Highеr Education» (Буюк Британия) аъзоси.

– Биз ёшларга ўз потенциалини рўёбга чиқариш йўлида кўникма, ишонч ва алоқа орттиришга, кучли ва инклюзив жамиятда иштирок этишга дастак берамиз, – дейди университет ректори. – Биз ёшларга инглиз тилини ўрганиш, сифатли таълим олиш ва халқаро миқёсда тан олинган малакага эришишда ёрдам берамиз.

Қайд этиш жоиз, Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университетининг санъат ва маданият соҳасидаги фаолияти ижодий фикр ва алмашинувни рағбатлантириш. Британия Кенгаши сўнгги 25 йил мобайнида Ўзбекистонда ўз фаолиятини  юритяпти.

Беҳруз Худойбердиев, ЎзА мухбири