The Week.in: Бутун дунёга машҳур Ўзбекистон қовунлари тез орада Ҳиндистонда пайдо бўлади
Ҳиндистоннинг The Week.in: электрон нашрида «Fruit-diplomacy: Марказий Осиё учун махсус ҳаво йўлагининг афзалликлари» сарлавҳали мақола чоп этилди.
Ҳиндистоннинг The Week.in: электрон нашрида «Fruit-diplomacy: Марказий Осиё учун махсус ҳаво йўлагининг афзалликлари» сарлавҳали мақола чоп этилди.
Мақола муаллифи, журналист Мандира Наяр Заҳириддин Муҳаммад Бобур «Бобурнома» асарида «Менинг ватанимдаги асал каби ширин қовунларни ҳеч нарса билан солиштириб бўлмайди» деб ёзганини қайд этади.
Ҳиндистон Марказий Осиё билан алоқаларни ривожлантириш мақсадида сабзавот ва меваларни импорт қилиши мумкин. Яқинда Ҳиндистонда «Fruit-diplomacy»си туфайли дунёга машҳур Ўзбекистон қовунлари сотувга чиқарилади, деб ёзади The Week.in.
Ҳиндистон томони янги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ўзаро савдоси имкониятларини очиб бериш учун Марказий Осиёга махсус ҳаво йўлагини яратиш масаласини ўрганмоқда. Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлигининг Евроосиё департаменти директори Маниш Прабҳат «Ҳиндистон - Марказий Осиё ҳаво йўлагини янада ривожлантириш» онлайн-семинаридаги нутқида ҳаво йўлагига эҳтиёж борлигини таъкидлади.
Ҳиндистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўзбекистондан бутун дунёга машҳур лимон ва полиз маҳсулотларини импорт қилишга рухсат берди. Бунинг эвазига Ҳиндистон «мевалар қироли» - манго, шунингдек, банан етказиб беради.
Ҳиндистон ташқи алоқаларни кенгайтириш учун «мева кучи»дан биринчи марта фойдаланиши эмас. Афғонистоннинг қуритилган мевалари бугунги кунда афғон-ҳинд муносабатларида алоҳида ўрин тутади. Ҳиндистон ва Афғонистон ўртасидаги ҳаво йўлаги ўзаро ишончни мустаҳкамлаш чораларининг бир қисми бўлиб, муваффақиятли мисолга айланди. Афғонистон ўриги ва гилоси бу ёзда Ҳиндистон бозорига кирди.
Марказий Осиё учун махсус ҳаво йўлагини яратиш ғояси шу йил бошида Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Субраманьям Жайшанкар томонидан Ҳиндистон-Марказий Осиё ишбилармонлар кенгаши йиғилишида илгари сурилган эди. Пандемия даврида транспортнинг бошқа турлари чекланган вақтда ҳаво йўлаги имкониятлари аён бўлди. Ҳиндистон ушбу даврда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспортини 23 фоизга кенгайтирган.
Марказий Осиё билан транспорт алоқаларини ривожлантириш Ҳиндистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Ҳиндистон томонидан инфратузилмани ривожлантираётган «Чабаҳар» порти ушбу жараёнларнинг бир қисми ҳисобланади. «Чабаҳар» минтақа иқтисодиёти ривожланишига ижобий таъсир кўрсатиши мумкин бўлса-да, ҳаво йўлаги манфаатдор томонлар учун янги имкониятлар очиши мумкин.
Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси кўмагида тайёрланди.