Юртимиз ўзининг бой тарихи, археологик обидалари, маданий мероси ва табиати билан дунё сайёҳларини ҳамиша ўзига жалб этиб келади. Бир марта Ўзбекистонга ташриф буюрган сайёҳ, албатта, яна қайта келишни мақсад қилади.
Буюк британиялик журналист Ричард Меллор 2019 йил баҳор фаслида мамлакатимизда бўлиб, гўзал табиатимиз ва тарихий шаҳарларимиз жозибасини ўзи кўрган ва ҳис қилган. Унинг яқинда нуфузли «The Times» газетасида чоп этилган мақоласида баҳорнинг сўнгги ойида саёҳат қилиш учун дунёдаги энг яхши жозибадор жойлар рўйхати тақдим этилган. Ушбу рўйхатга Ўзбекистон ҳам алоҳида эътироф этилган.
Муаллиф май ойида узоқ муддатли таътил учун Буюк Ипак йўли йўналишида жойлашган Ўзбекистондаги тарихий шаҳарлар бўйлаб сафар қилишни тавсия этади. Шунингдек, қадимий Чорсу бозори ҳақида тўхталиб, Шарқ бозорининг муҳити, турли зираворлар ҳиди ва тандирда янги пиширилган нон иси кишига лаззат бағишлашини қайд этган.
Журналист Тошкентдан кейин, албатта, Самарқанд ва Бухорони ҳам зиёрат қилиш зарурлигини таъкидлаган. Бу қадимий шаҳарлардаги тарихий обидалар, мовий гумбазли масжидлар ва минораларни алоҳида тилга олган.
Эътироф этиш жоизки, нуфузли хорижий нашрларда юртимиз ҳақидаги бу каби чиқишлар мамлакатимизнинг жозибадорлигини ҳамда сайёҳлик салоҳиятини янада оширади. Дунё сайёҳларини янада жалб этишга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА