English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тезликни оширганлик учун жарима камайтириладими?
18:07 / 2021-09-24

Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда ҳайдовчиларга қўшимча енгилликлар бериш, тезликни оширганлик учун жаримани камайтириш кабиларни назарда тутувчи қонун лойиҳаси қизғин муҳокамаларга, тортишув ва баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Кимлардир бу ўзгаришлардан, енгилликлардан хурсанд бўлса, бошқа бир гуруҳ фуқаролар, айниқса, тезликни оширганлик учун жаримани камайтириш бўйича ўзгаришлардан норозилик билдирмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида ҳайдовчиларга қўшимча енгилликлар беришни назарда тутувчи “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳаси билан маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг хавфлилик даражасидан келиб чиқиб, бир нечта жарималар миқдори камайтирилмоқда. Хусусан, муддати ўтган суғурта полиси ёки суғурта полисида назарда тутилмаган шахс томонидан автотранспорт воситасини бошқарганлик учун белгиланадиган жарима миқдори икки бараварга, транспорт воситалари эгалари томонидан суғурта полисини олмаганлик учун жарима фуқаролар учун икки бараварга, мансабдор шахсларга эса учдан бир қисмга камайтирилмоқда

– Автотранспорт воситаларини бошқаришда тезликни оширганлик учун жаримани камайтириш билан боғлиқ масала депутатлар ва кенг жамоатчиликнинг қизғин муҳокамаларига сабаб бўлмоқда,– дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Фарҳод Ашурматов. – Қонун лойиҳасига мувофиқ тезликнинг миқдори ва жарима миқдори ҳам камайтириляпти. Белгиланган меъёрдан ортиқ тезликда юрганда, 5 км чегириб ташланади. Масалан, катта магистраль йўлларда белгиланган тезлик соатига 70 км бўлсаю, ҳайдовчи машинани 90 тезлик билан бошқарган тақдирда 5 километр чегириб, шунга мувофиқ жарима белгиланиши назарда тутилмоқда. Бу борада хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилганда, кўплаб давлатларда10-15 километргача чегириб ташлаш амалиёти мавжуд экан. Ўзбекистонда тажриба тариқасида дастлаб 5 километр чегириш ва шунга яраша жарима миқдорини белгилаш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, лойиҳа билан йўловчиларни лицензиясиз ташиш билан шуғулланганлик учун жарима миқдори уч бараварга, паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун жарималар миқдори икки баравардан кўпроққа камайтирилмоқда. Бундан ташқари, валюта олди-сотдиси, айрибошлаш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларда ҳам жарималар миқдори камайтирилмоқда.

Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши маъмурий жазолар миқдорининг одиллик тамойилларига мувофиқ равишда камайтирилишига, айрим ҳаракатлар учун жавобгарлик бекор қилиниши аҳоли учун енгилликлар яратишга олиб келади.

Мажлисда қизғин музокара ва муҳокамалар асосида қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

 

Муҳтарама Комилова, ЎзА