2023 йилги давлат дастурига оид Президент фармони лойиҳасида маълум қилинишича, 2023 йил 1 июндан бошлаб республиканинг барча аҳоли пунктларида транспорт воситалари ҳаракатланишининг энг юқори тезлиги соатига 70 километрдан 60 километргача туширилади.
Маълумки, йўл-транспорт ҳодисалари йилига 4 мингга яқин ўлим ҳолатлари билан якунланади. Таҳлилларга кўра, тезликни 10 километр соатга тушириш ўлим ҳолатларини камида 15 фоизга камайтиришга олиб келади. Масалан, Тошкент шаҳрида 2022 йилда 1200 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган, бу 2021 йилдаги ҳолатлардан (1073) қарийб 130 тага кўп. Ушбу даврда йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 136 нафарини ташкил этади.
Лойиҳада қайд этилишича, 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб транспорт воситасининг мулкдорига транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи ўтказилган шахс билан биргаликда тегишли ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатни тақдим этган ҳолда давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларини транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи ўтказганлиги ҳақида хабардор қилиш ҳуқуқи берилади.
Бунда хабарнома олинган кундан бошлаб ваколатли орган томонидан ҳуқуқбузарликларни қайд этиш тизимига тегишли ўзгартиришлар киритиш ҳамда ушбу транспорт воситасида содир этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун бошқариш ҳуқуқи ўтказилган шахсга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани расмийлаштириш тартиби жорий этилиши белгиланади.
Мазкур механизмлар жазо муқаррарлиги тамойилини рўёбга чиқариш ҳамда транспорт воситаси бошқаруви билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликларни махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этишда балл тизими жорий этилиши муносабати билан киритилмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА