Энергия ресурсларидан оқилона ва қонуний фойдаланишни таъминлаш мамлакат энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш, ҳисоб-китоб тизимини шаффофлаштириш ҳамда истеъмолчилар ўртасида қонунбузарликларга чек қўйиш мақсадида мутасадди ташкилотлар томонидан мунтазам назорат тадбирлари амалга оширилмоқда.
Шу каби назорат тадбирлари доирасида “Ҳудудгаз Пойтахт” ГТФ комплаенс назорат тузилмалари, туман газ таъминоти бўлими, “Ўзэнергоинспекция” ходимлари ҳамда ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида рейд ўтказилди.
Рейд давомида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ ҳолат аниқланди. Хусусан, “Буюк Турон” МФЙда жойлашган умумий овқатланиш масканида ўтказилган хатлов жараёнида истеъмолчи ҳисоблагичдан ташқари яширин тармоқ тортгани ва табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланиб келаётгани маълум бўлди. Аниқланган ҳолат юзасидан тегишли тартибда далолатнома расмийлаштирилиб, қайта ҳисоб-китоб ишлари амалга оширилди. Натижада давлат манфаатларига етказилган зарар миқдори 1 миллиард 605 миллион сўмни ташкил этди.
“Ҳудудгазтаъминот” АЖ ахборот хизматининг маълум қилишича, мазкур ноқонуний ҳолатга оид барча ҳужжатлар белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширилди. Айни пайтда ишчи гуруҳлар томонидан табиий газдан фойдаланиш устидан назорат тадбирлари изчил равишда давом эттирилмоқда.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА