Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тезкор-қидирув пайти ОАВ имкониятларидан бепул фойдаланилиши мумкин
13:55 / 2024-01-19

Фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, хавфсизликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш бўйича яхлит ҳуқуқий тизим яратилди.

Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар олдига янги вазифаларни қўймоқда.  

Ушбу органларнинг ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш бўйича тезкор ва самарали қарорлар қабул қилиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратиш мақсадида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жиноятчиликка қарши курашиш бўйича фаолиятнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилди.  

Сенат ялпи мажлисида маъқулланган мазкур қонун билан “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги қонунга маълумотларни тўплаш, тезкор киритиш, ниқобланган операция каби тезкор-қидирув тадбирларини амалга ошириш тартибини аниқлаштиришни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.  

Шунингдек, ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятчиликка қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, тезкор-қидирув тадбирлари ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда, шу жумладан, кибермаконда ва (ёки) унинг имкониятларидан фойдаланган ҳолда ўтказилиши мумкин эканлигини белгилашни назарда тутувчи меъёрлар қонундан ўрин олган.  

“Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонунга жиноятларнинг ҳолатларини аниқлаш, жиноятларни содир этган шахсларни аниқлаш ва қидириш, шунингдек, жазони ўташдан бўйин товлаётган ёки бедарак йўқолган шахсларни қидириш мақсадида оммавий ахборот воситаларининг имкониятларидан бепул фойдаланишга доир ички ишлар органларининг ҳуқуқларини аниқлаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш киритилмоқда.  

“Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги қонунга маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус муассасада тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш мумкин эканини белгиловчи қўшимча киритилмоқда.  

Сенаторлар таъкидлаганидек, ушбу қонун жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини янада ишончли таъминлашга, шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича тадбирлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.  

 

Н.Абдураимова,  

Н.Ҳайдаров (сурат),  

ЎзА