Президент топшириғи амалда
Наврўз умумхалқ байрами арафасида жойларда элимиз манфаати ва ҳудудлар инфратузилмасига хизмат қилувчи бир қатор ижтимоий, иқтисодий объектлар фойдаланишга топширилмоқда.

Жумладан, Наманганда вилоят Ички ишлар бошқармасининг “Тезкор бошқарув маркази” фойдаланишга топширилганлиги, аввало, мамлакатимизда “Инсон қадри учун” тамойилининг амалдаги ифодаси бўлди.
Вилоят ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар мутасаддилари, соҳа фахрийлари, жамоатчилик вакиллари иштирокидаги тантанали тадбирда мамлакатимизда тинчлик ва хавфсизлик, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масаласи энг устувор вазифа сифатида давлат сиёсати даражасига кўтарилгани алоҳида таъкидланди.

Вилоятдаги маҳаллалар кесимида янгича ишлаш механизмларини самарали йўлга қўйиш ҳамда криминоген вазиятни яхшилаш, аҳоли мурожаатларини ўз вақтида ва қисқа муддатларда бартараф этиш мақсадида “Ҳуқуқ тартибот маскан”лари барпо этилди. Вилоят ИИБда ташкил этилган “Тезкор бошқарув маркази” эса бу борадаги комплекс тадбирларнинг мантиқий давомидир.
Вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Шуҳрат Алиев тақдимот иштирокчиларига марказдаги навбатчилик қисми, 102 тизими ва ситуацион марказ фаолияти билан яқиндан таништириб, янги мажмуанинг кенг имкониятлари ҳамда жиноятчиликни олдини олишдаги вазифалари ҳақида маълумот берди.

– Тинчлик-осойишталик ва хавфсизлик масаласи нечоғли долзарб ва ўта муҳимлигини бугунги давр, таҳликали дунёдаги вазиятни ўзи яққол кўрсатмоқда. Айни шу кезда мамлакатимизда фуқароларнинг осуда ҳаётини таъминлаш биринчи навбатдаги устувор вазифага айланганлиги эътиборга молик, – дейди ички ишлар тизими фахрийси, истеъфодаги подполковник Олимжон Худойбердиев. – Соҳада 35 йил меҳнат қилган, раҳбарлик лавозимларида иш олиб борган мутахассис сифатида эътироф этишим керак, ситуацион марказ ҳозирги давр талабига жавоб беради. Биз ишлаган пайтда машиналаримиз бармоқ билан санарли, алоқа ва техник, қурол воситаларимиз юки оғир эди. Бу эса ҳуқуқбузар шахсини аниқлаш ва қидириб топишга кунлаб, ҳатто ойлаб вақт кетарди. Ҳозирда бу юмушни бир зумда амалга ошириш мумкинлигини марказ кузатув мосламасида амалда кўриб, гувоҳи бўлдик.


Дарҳақиқат, 12,5 миллиард сўм маблағ эвазига барпо қилинган марказ сўнги замонавий технологиялар асосида жиҳозланган. Унга “Хавфсиз шаҳар” тизимининг ягона аппарат-дастурий платформаси интеграция қилиниб, 700 тадан ортиқ кузатув камералари уланган. Бу ўз навбатида, вилоят шаҳар ва туманларида, чекка ва олис қишлоқларда ҳам жамоат тартибини таъминлаш, йўл ҳаракати хавфсизлигини тартибга солиш, юз бериши мумкин бўлган жиноятларнинг тезкор олдини олиш бўйича самарали назорат ўрнатилишини таъминлайди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА