Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тежамкор бўлиш иқтисодий самарадорлик омилидир
14:59 / 2026-01-28

Президентимизнинг қишлоқ хўжалигида сув ва энергия манбаларидан оқилона фойдаланиш ҳамда уларни ортиқча йўқотишларнинг олдини олиш борасида берган топшириқлари асосида Бухорода ҳам катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилмоқда. Энг сўнги технологиялар билан жиҳозланиб, тўла қувватда ишлай бошлаган Олот туманидаги Аму Бухоро машина канали “Аму-Бухоро-1” насос станциясидаги жараёнлар бунга мисол бўлади.

– “Қирлишон” массиви чўл ҳудудида жойлашган ерларда фаолият юритамиз, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Баҳодир Кўмаков. – Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги ривожига бўлган эътибор ва имкониятлар туфайли пахтачиликда, ғаллачиликда мўл ҳосил олишга эришилмоқда. Чўл ҳудудида сувни тежаб ишлатиш долзарб вазифа саналади. Вақтида катта-катта харажатлар билан сув чиқариб ҳосил етиштирар эдик. Ҳозир Хитой технологияси асосида сувни тежамкорлик билан ишлатишга эришдик. 

– Олот туманидаги Аму Бухоро машина канали “Аму-Бухоро-1” насос станцияси орқали Бухоро ва Навоий вилоятларини сув билан таъминлайди, –дейди, Ўзбекистон Экологик партияси Олот туман кенгаши раиси Омонжон Атоқов. – 1965 йилда қурилган насос станцияси ҳозирги вақтда эскирганлиги сабаб давлат раҳбарининг ташаббуси билан янгидан қуриб ишга туширилди. Замонавий насос станция олдинги вақтда 7 куб сув чиқарган бўлса, ҳозирда 11-12 куб сув чиқарилмоқда. Бу билан электр энергия сарфининг камайишига ҳам эришилди.  

[gallery-27343]

Ўтган йили Бухорони асосий сув билан таъминловчи “Аму-Бухоро” ирригация тизимларини қайта тиклаш ишлари доирасида “Осиё тикланиш ва тараққиёт банки” лойиҳаси асосида иккита насос станцияларини реализация ва модернизация қилиш ишлари амалга оширилди. Шундан Аму Бухоро – 1 насос станциясида 82 миллион 960 минг АҚШ долларига тенг қурилиш ишлари тўлиқ якунланди. Маълумотларга кўра, ушбу иншоот ўтган йили 75 миллион киловатт соат энергияни иқтисод қилди. Бу ўртача ҳисобда 80 миллиард сўмга яқин маблағ тежалди дегани. Бундан англаш мумкинки, мазкур лойиҳа 10-12 йилда ўзини тўлиқ қоплайди ва Бухоро ҳамда Навоий вилоятларига бир меъёрда сув етказиб беришга хизмат қилади.

Янги насос станциясида 8 дона, ҳар бирининг қуввати 11,25 метр секунд бўлган юқори унумли насос агрегатлари ўрнатилди. Бу саъй-ҳаракат натижасида насос станциясининг умумий сув чиқариш қобилияти 90 метр секундга етказилди ҳамда станция энергия тежамкор асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Олдинги Ҳамза ва Жайхун насос станциялари ўрнига 1 та замонавий иншоот қурилгани ҳам вилоят ирригаторлари учун катта қулайлик яратмоқда.

– Лойиҳа доирасида қурилиш ишларини 2022 йилнинг сентябрь ойида бошлаган эдик, – дейди хитойлик қурилиш ишлари бўйича директори Ванг Динг Гоу. – Ўтган 2025 йилнинг бошида бу жойдаги қурилиш ишлари тўлиқ якунига етказилди. Лойиҳа Ўзбекистонда янгидан қурилган энг йирик насос станцияларидан бири саналади. Иншоотни барпо этишда қўйилган талаб асосида энергияни тежаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Барча жараёнлар рақамлаштирилган бўлиб, тизимда носозликлар келиб чиқишининг олди олинган. Ахборотлар марказга умумлаштирилиб, олдиндан диагностика қилиниши лозим бўлган жиҳатларни ҳам башоратлайди. Бу билан тизимни доимий барқарор ишлашини таъминлаш мумкин.

Ўтган йили “Аму-Бухоро” машина канали Олот тумани бошқармаси тасарруфидаги 2-насос станцияси тўлиқ таъмирланиши иш самарадорлигини оширишдан ташқари, катта миқдордаги электрни тежаш имконини ҳам бермоқда.

Соҳада етакчи Хитой компанияси вакилининг айтишича, иншоотнинг фойдаланиш муддати 25-30 йил, дея баҳоланмоқда. Бухоро вилояти экин ерларига оқар сув деярли юз фоиз миқдорда Амударё орқали электр энергияси ҳисобига ишлайдиган насос станциялари ёрдамида етказиб берилади. Электр энергиясини тежаш эса иқтисодий самарадорлик омили саналади. Бу ўз навбатида, келгусида аграр тармоқ ривожи ва халқ фаровонлигини таъминлашга ҳам хизмат қилади. 

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.