Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Тез ёрдам” тизимида фаолият юритаётган шифокорлар сони 14 мингдан ошган
15:18 / 2022-03-19

Ҳар қандай соҳа ривожида малакали кадрларнинг ўрни беқиёс. Айниқса, соғлиқни сақлаш, хусусан, тез тиббий ёрдам хизматида бунинг аҳамияти жуда юқори.

Бироқ очиғини айтиш керак, авваллари юртимизда айнан тиббиётнинг мазкур йўналишини малакали шифокор кадрлар билан таъминлаш масаласи энг оғриқли муаммолардан бири бўлиб келган.

Эътиборлиси, кейинги йилларда соҳадаги ижобий ўзгаришлар туфайли тизимда фаолият юритаётган олий маълумотли мутахассислар сони кескин ортди.

"2022 йилга келиб, “Тез ёрдам” хизматида ишлаётган жами шифокорлар сони 14 минг 14 нафарга етди" дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий  марказининг тез тиббий ёрдам хизматини мувофиқлаштирувчи диспетчерлик маркази раҳбари Давлатбек Юлдашев ССВ Матбуот хизматига берган маълумотида. Ваҳоланки, бу рақам 2020 йилда 12 минг 961 нафарни, 2019 йилда эса 9 минг 518 нафарни ташкил қилган эди.

Айни пайтда соҳадаги ушбу мутахассисларнинг 2 448 нафари юқори малака тоифасига, 2 403 нафари 10-20 йиллик, 1 753 нафари эса 20 йилдан ортиқ иш тажрибасига эга.

Тизимда энг кўп шифокор Самарқанд вилояти (1803 нафар), Андижон вилояти (1 444 нафар), Жиззах вилояти (1424 нафар) ҳамда Наманган вилояти (1248 нафар)да фаолият юритяпти.

Шунингдек, ҳозирда "Тез ёрдам"да меҳнат қилаётган реаниматолог-шифокорлар сони 686 нафарни ташкил қилмоқда. Бу борада энг яхши кўрсаткич Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро ва Самарқанд вилоятлари ҳиссасига тўғри келиб, мазкур ҳудудларда "103" хизмати 100 фоиз реаниматолог-шифокорлар билан таъминланган.

Бундан ташқари, айни пайтда мамлакатимиз тез тиббий ёрдам хизматида ишлаётган ўрта тиббиёт ходимлари 28 минг 855 нафарга етиб, уларнинг 42 фоиздан ортиғини малака тоифасига, 7210 нафарини 5-10 йиллик, 5496 нафарини 10-20 йиллик ҳамда 3 959 нафарини 20 йилдан ортиқ иш тажрибасига эга бўлган ходимлар ташкил этмоқда.

ЎзА