Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тез тиббий ёрдамни такомиллаштириш йўлида
20:53 / 2025-05-16

Бугун пойтахтимизда “Тез тиббий ёрдам хизматини ташкил этишнинг долзарб масалалари” мавзусидаги I-Республика съезди ўз ишини бошлади.

Мазкур йиғинда маҳаллий мутахассислардан ташқари Россия, Хитой, Туркия, Жанубий Корея, Франция, Германия, Италия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон каби ўндан зиёд мамлакатлардан келган делегатлар иштирок этишди.

Тадбир аввалида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров илк бор ўтказилаётган ушбу анжуман мамлакатимизда тез тиббий ёрдам хизмати фаолиятини янада ривожлантириш юзасидан ўзаро фикр алмашиш, илғор халқаро тажрибани биргаликда муҳокама қилиш, соҳа амалиётига замонавий технологияларни жорий этишда муҳим платформа эканлигини таъкидлади.

[gallery-23403]

Маълумки, беморлар ҳаёти ва соғлигини асраш, уларга шошилинч тиббий хизмат кўрсатишда тез тиббий ёрдам хизматининг аҳамияти катта. Шу боис бугун диёримизда мазкур соҳа бутунлай трансформация қилиниб, тизимнинг моддий-техник базаси тубдан янгиланмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 16 июндаги тегишли қарорига кўра, юртимизда Республика тез тиббий ёрдам маркази ташкил этилиб, унинг ягона вертикал бошқарув тизими йўлга қўйилди. Соҳанинг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, зарур ускуналар билан таъминланди. Натижада қисқа вақт ичида «103» хизмати барча халқаро талабларга тўлиқ жавоб берадиган яхлит тизимга айланди.

Мухтасар қилиб айтганда, жаҳон стандартларига мос, энг илғор тиббий ускуналар билан  жиҳозланган замонавий автомашиналар ва етук мутахассислар жамланган ушбу тизим ўзбек тиббиётини янги босқичга олиб чиқишга муносиб ҳисса қўшмоқда.

Бугунги анжуман эса соҳадаги ана шу ислоҳотлар самараси билан яқиндан танишиш, маҳаллий ва хорижлик ҳамкасблар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, бу йўналишдаги энг долзарб масалаларни биргаликда муҳокама қилиш ва ривожланиш истиқболларини белгилашда муҳим аҳамиятга эга.

Мусулмон Зиё, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА