Тиббиётни тез тиббий ёрдам хизматисиз, тез тиббий ёрдам хизматини эса транспорт воситаларисиз, жиҳозларсиз тасаввур этиш қийин. Ана шу машиналар соз бўлса чақириқлар ўз вақтида бажарилади, оғир аҳволдаги беморга тез тиббий ёрдам кўрсатилади.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларда бўлгани каби, Сирдарёда ҳам “Дамас” ва бошқа эскирган тез тиббий ёрдам машиналари янги, замонавий автотранспорт воситаларига алмаштирилаётгани бу борадаги муаммоларни бартараф этилишига, тиббий бригадаларнинг чақириқларга кечикиш ҳолатларини сезиларли даражада камайтиришга хизмат қилади.
Сирдарё вилоятининг 8 та ҳудудидаги “Дамас” ва бошқа эскирган тез тиббий ёрдам машиналари А тоифали "Wolkswagen Caddy" русумли замонавий тез тиббий ёрдам машиналарга алмаштирилган эди. Куни кеча 10 та тез тиббий ёрдам бўлимларига янги, замонавий "Wolkswagen Caddy" русумли тез тиббий ёрдам машиналари берилди. Қувонарлиси Сирдарё вилояти тез тиббий ёрдам тизимидаги "Wolkswagen Caddy" русумли тез тиббий ёрдам машиналари сони 23 тага етди.
– 2024 йилда шу турдаги автомашиналардан яна 57 таси Сирдарё вилоятига келтирилиб, "Дамас” ва бошқа эскирган тез тиббий ёрдам машиналар ўрнида ишлай бошлайди, – дейди Республика тез тиббий ёрдам маркази Сирдарё филиали директори Ойбек Усмонов. – Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, А тоифали "Wolkswagen Caddy" русумли тез тиббий ёрдам машиналари тез тиббий ёрдам бригадалари ишини янада яхшилаш, чақириқларни вақтида бажариш, оғир аҳволдаги беморларга ўз вақтида тез тиббий ёрдам кўрсатиш имконини беради.
Ш. Суяров,
ЎзА