Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Шошилинч ва тез тиббий ёрдам: кафолатли, ишончли ва сифатли хизмат” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.
Таъкидланишича, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази (РШТЁИМ) ва унга бириктирилган республика санитар авиацияси ҳамда Тошкент шаҳрининг “103” хизмати шошилинч тез ёрдам хизматининг бош муассасаси ҳисобланиб, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ташкил қилинган 13 та филиалда махсуслаштирилган шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилади.
Бундан ташқари, мамлакатимизнинг 179 та аҳоли пунктида РШТЁИМнинг субфилиаллари – шошилинч тиббий ёрдам бўлимлари фаолият олиб бормоқда. Санаб ўтилган стационарлардан ташқари, тизимга “103” — тез тиббий ёрдам хизмати, санитар авиацияси ва фавқулодда вазиятларда аҳолини тиббий таъминлаш хизмати ҳам бириктирилган.
РШТЁИМ — кўп тармоқли тиббиёт маркази бўлиб, у шошилинч тиббий ёрдамнинг барча йўналишлари бўйича, шу жумладан, катталар ва болалар учун жарроҳлик, терапевтик, педиатрик, куйиш-токсикологик ҳамда фавқулодда ва ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатади.
Мамлакатимизда 2016 йилда атиги 800 та “тез ёрдам” шохобчаси мавжуд бўлган бўлса, бугунга келиб уларнинг сони 1666 тага етказилган. Тез тиббий ёрдам бригадалари 2016 йилда жами 1648 тани ташкил қилган бўлса, ҳозирги кунда 2685 тага етган. Ўша даврда (2016 йилда) Тошкент шаҳри тез ёрдам тармоғида бор-йўғи 4 та реанимобиль бор эди.
— Биргина ўтган 2020 йилнинг 4 ойи давомида Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станциясига 150 дона “Форд” русумли реанимацион тиббий аппаратлар билан жиҳозланган тез тиббий ёрдам автомашинаси харид қилинди, — дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори Даврон Тўлаганов. — Бугун эса республиканинг тез тиббий ёрдам хизматида 435 та реанимобиль мавжуд. Аста-секин тез тиббий ёрдамда “Дамас” русумли автомобиллардан бутунлай воз кечиш режалаштирилмоқда.
Ҳозирда тез тиббий ёрдамнинг кечикишлари 10-12 фоиздан 1-2 фоизгача камайди. Чақириқларга етиб бориш вақти ўртача 25-30 дақиқа бўлган бўлса, ҳозир атиги 8-12 дақиқани ташкил қилади.
Тез тиббий ёрдам хизматини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш жараёнини марказлаштириш натижасида бир чақириқ учун ажратилган дори воситалари қиймати ҳар йили камида икки баробар ошириб борилишига эришилди.
— 2016 йилда “Тез тиббий ёрдам” тизимида битта чақириққа дори-дармон учун ажратилаётган маблағ 745 сўмни ташкил этган бўлса, айни пайтда ушбу кўрсаткич ўртача 7700 сўм, — дейди Д.Тўлаганов.
Соғлиқни сақлаш вазирининг 2018 йил 19 февралдаги тегишли буйруғи билан “Тез тиббий ёрдам хизматининг Низоми” ҳамда тез тиббий ёрдам бригадаларини дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлашнинг янгиланган меъёрлари тасдиқланди.
Бундан ташқари, тез тиббий ёрдам автомашиналари ҳайдовчилари маошига санитар вазифасини бажарганлиги учун 30 фоиз устама тайинланди.
РШТЁИМ ва унинг вилоят филиалларида 10-17 йилдан бери кечаю кундуз тинимсиз ишлатилаётган тиббий даволаш-диагностика жиҳозлари ҳам техник, ҳам маънан эскирган, тез-тез ишдан чиқиб туради, уларга эҳтиёт қисмлар топиш тобора мушкуллашиб бормоқда. Натижада таъмирлаш тан нархи ҳам борган сари ошиб бормоқда ва ўз рентабеллигини йўқотмоқда.
Юзага келган ушбу ҳолатнинг ечими сифатида 2018 йилда Жаҳон банки ва Ривожланиш халқаро ассоциациясининг расмий вакиллари билан 100 миллион АҚШ доллари миқдоридаги “Ўзбекистонда шошилинч тиббий ёрдам хизматларини такомиллаштириш” кредит лойиҳаси бўйича битим имзоланган.
Жорий йил режасига кўра, 29,9 миллион АҚШ доллари миқдоридаги рентгенологик, ультратовуш, жонлантириш ва хирургик асбоб-ускуналарини харид қилиш кўзда тутилган.
Матбуот анжуманида шу ва бошқа масалалар юзасидан батафсил маълумот берилди, журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА