Ўзбекистонда туризм салоҳиятини юксалтиришда янги авиа йўналишларни очиш муҳим устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Бу жараёнда “Air Samarkand” авиакомпанияси ҳам фаол иштирок этиб, халқаро йўналишлар географиясини кенгайтиришга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Жорий йилнинг май ва июнь ойларида компания Туркия, Грузия, Исроил ва Озарбайжон каби мамлакатлар билан мунтазам ҳамда чартер парвозларни амалга оширишни бошлади.
Бу борада эришилган натижалар ҳақида компаниянинг оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўйича директори Олег Иванов ЎзА мухбирига интервью берди:
– Албатта, компаниямизнинг бундай саъй-ҳаракатлари нафақат мамлакатимизнинг жаҳон туризм харитасидаги мавқеини мустаҳкамлашга, балки аҳоли учун қулай ва хавфсиз саёҳат имкониятларини яратишга хизмат қилмоқда.
Жумладан, 4 май куни амалга оширилган Самарқанд – Тель-Авив йўналишидаги илк тўғридан-тўғри рейс Ўзбекистон ва Исроил ўртасидаги ҳамкорликда янги саҳифа очди. Шунингдек, Грузиянинг Тбилиси ва Батуми шаҳарларига чартер рейслар йўлга қўйилди. Июнь ойидан эса Самарқанддан Озарбайжон пойтахти Бокуга мунтазам парвозлар бошланиши режалаштирилган. Самарқанд – Истанбул йўналишидаги парвозлар сони эса сезиларли даражада кўпайтирилди.
Авиакомпания мутахассисларининг таъкидлашича, йўловчилар талаб ва эҳтиёжларини таҳлил қилиб, уларга энг қулай, хавфсиз ва мақсадли йўналишларни таклиф этиш асосий вазифа ҳисобланади. Айниқса, ёз мавсумида халқаро саёҳатларга бўлган талаб ортиши кузатилади. Шу боис, Туркия, Грузия, Исроил ва Озарбайжон йўналишларига янги рейслар ташкил этилди.
Самарқанд – Тель-Авив рейси компания учун стратегик аҳамиятга эга. У орқали йўловчилар Исроилнинг марказий шаҳарларига тез ва қулай тарзда етиб бориш имкониятига эга бўлди. Илк кунларданоқ рейсга талаб юқори. Шу сабабли, 3 июлдан бошлаб ҳар пайшанба куни қўшимча рейс йўлга қўйилиши белгиланди.
Грузиянинг Тбилиси ва Батуми шаҳарларига рейслар “EasyBooking” туроператори билан ҳамкорликда ташкил этилган. Турпакетлар парвоз, меҳмонхона ва трансфер хизматларини қамраб олади. Июнь ойидан бошлаб Тбилисига ҳафтасига икки марта, Батумига эса уч марта рейс амалга оширилади.
Эътиборлиси, 6 июндан бошлаб Самарқанд ва Тошкентдан Боку шаҳрига мунтазам парвозлар бошланади. Тошкентдан сешанба ва пайшанба кунлари, Самарқанддан эса жума кунлари парвозлар амалга оширилади. Озарбайжон пойтахти нафақат бизнес тоифаси, балки сайёҳлар учун ҳам жозибали йўналиш ҳисобланади. Мазкур рейс икки давлат ўртасидаги тарихий дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлайди.
Шунингдек, 26 майдан бошлаб Самарқанд – Истанбул йўналишидаги парвозлар сони ҳафтасига учтадан бештагача оширилди. Энди йўловчилар душанба, сешанба, чоршанба, пайшанба ва шанба кунлари Истанбулга учиш имконига эга бўладилар. Бу эса саёҳатни режалаштиришда кенг имконият яратади.
Барча рейсларда парвоз вақтига қараб йўловчиларга тўлиқ таом ёки нонушта тақдим этилади. Ҳар бир бортда “Air Samarkand”нинг махсус журнали тарқатилади. Унда саёҳатлар, маданият, Самарқанд ва мамлакатимизнинг тарихий ёдгорликлари ҳақида қизиқарли мақолалар, шунингдек, авиакомпания янгиликлари жамланган.
Компания халқаро йўналишларни янада кенгайтириш ва авиапаркни бойитиш устида фаол иш олиб бормоқда. Умид қиламизки, йўлга қўйилаётган янги рейслар нафақат хорижлик сайёҳлар, балки юртдошларимиз учун ҳам доимий, қулай ва ишончли йўналишларга айланади.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.