Жорий йилнинг 18 сентябрь куни “Биринчи канал”да россиялик телебошловчи Валдис Пельшнинг “Ўзбекистон. Горизонт ортига нигоҳ” кўрсатуви премьераси бўлиб ўтади.
48 дақиқалик ҳужжатли фильмда Ўзбекистоннинг бой тарихий мероси ҳақида ҳикоя қилинади. Шунингдек, мамлакатда замонавий ҳаётнинг қирралари – илм ва техника ютуқлари, туризм соҳасидаги имкониятлар ва бошқа кўплаб мавзуларга тўхталиб ўтилади. Валдис Пельшнинг Ўзбекистон ҳақидаги фильми таниқли бошловчининг Россия ва дунё бўйлаб саёҳатлари ҳақида маълумот берувчи фильмлар туркумига киради.
Фильмда Ўзбекистон энергетика вазири, спорт ва туризм вазири, физика ва кимё соҳаси мутахассислари, ҳунармандлар, шунингдек, техник мактаблар ўқувчилари билан суҳбатлар ўрин олган. Фильм Ўзбекистоннинг Марказий Осиёнинг илмий-техника маркази сифатидаги кенг имкониятларини очиб берди.
– Тасвирга олиш жараёни 23 кун давом этди ва шу вақт ичида суратга олиш гуруҳи ўнлаб шаҳарлар ва қизиқарли жойларга ташриф буюрди. Албатта, биз республиканинг ҳамма қисмларини кўра олмадик, лекин етиб келгунча кўп адабиётларни ўқиган бўлсак-да, ўзимиз учун янги кашфиётларни очдик. Масалан, Шаҳрисабз биз учун тўлиқ янгиликка айланди. Ноёб диққатга сазовор жойлар ва жуда оқкўнгил одамлар билан тўла жой. Бутун фильм саёҳат жанрида суратга олинган. Ушбу фильмда бизга ёрдам берган, унда иштирок этган барчага катта раҳмат, – деди Валдис Пельш.
Тошкент кинофестивали бош директори Фирдавс Абдухолиқовнинг маълум қилишича, Ўзбекистон Кинематография агентлиги билан ҳамкорликда суратга олинган фильмнинг Россия телевидениесидаги премьераси “Ипак йўли дурдонаси” XIV Тошкент халқаро кинофестивали мобайнида бўлиб ўтади.
Кинематография агентлиги Ахборот хизмати.
ЎзА