Техникум ўқувчилари халқаро касбий маҳорат чемпионатида муваффақиятли иштирок этди
5–9 октябрь кунлари Қозоғистон Республикаси Актау шаҳрида илк бор “TurkicSkills–2025” халқаро касбий маҳорат чемпионати бўлиб ўтди.

Чемпионатда Туркия, Озарбайжон, Венгрия, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон каби 8 та давлатдан 70 нафар ёшлар 10 та касб бўйича беллашдилар.

Ўзбекистон терма жамоаси Фарғона, Самарқанд ва Бухоро вилоятларидаги 6 та техникумдан 7 та касб йўналиши бўйича ўқувчи ва экспертлар билан иштирок этди.

Қувонарлиси, Пахтачи туман 1-сон политехникум ўқувчиси Жавоҳир Холиқулов “Пайвандлаш” йўналишида фахрли 2-ўринни эгаллади, Булунғур туман 1-политехникум ўқувчиси Саидумар Норқўзиев эса “Электромонтаж” йўналишида юқори натижа кўрсатиб, “Маҳорат медали” билан тақдирланди.

Чемпионат якунида тарихий воқеа рўй берди — “TurkicSkills” эстафетаси Ўзбекистонга топширилди.
ЎзА