Сирдарё тумани адлия бўлими томонидан фуқаро М.Абидованинг Абу Али Ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумида ўтган дарс соатлари учун иш ҳақи тўлаб берилмаганидан норози бўлиб қилган мурожаати ўрганиб чиқилди.
Аниқланишича, фуқаро М.Абидова Сирдарё тумани Абу Али Ибн Сино номидаги жамоат саломатлик техникуми раҳбарининг рухсати билан 2021-2022 ўқув йили учун “Ҳамширалик иши” йўналишининг 3 та гуруҳида “Асаб касалликларида ҳамширалик парвариши” фанидан ўқув амалиётларини 12 соатдан жами 36 соат дарсни Сирдарё “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйида 2022 йил апрель-май ойларида ўқув жадвали асосида ўтиб, ўқув машғулотлари журналини расмийлаштирган.
Бироқ техникумда М.Обидовани ишга қабул қилиш белгиланган тартибда расмийлаштирилмаган, натижада ўтган 36 соат дарси учун тўловлар амалга оширилмаган. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 82-моддасида ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс томонидан ёки унинг ижозати билан ходимга ҳақиқатда ишлашга рухсат этилган бўлса, ишга қабул қилиш тегишли равишда расмийлаштирилган ёки расмийлаштирилмаганидан қатъий назар, иш бошланган кундан эътиборан меҳнат шартномаси тузилган, деб ҳисобланиши кўрсатилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 154-моддасига асосан иш берувчи молиявий аҳволидан қатъий назар ходимга бажарган иш учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ, Меҳнат Кодекснинг 161-моддасида кўрсатилган муддатларда тўлаши шартлиги белгиланган.
Юқоридагиларга кўра, адлия бўлими томонидан Сирдарё тумани Абу Али Ибн Сино номидаги жамоат саломатлик техникуми томонидан ходимга ўтган 36 соат дарслари учун тегишли тартибда иш ҳақини ҳисоб-китоб қилган ҳолда тўлаш чоралари кўрилишини сўраб тақдимнома киритилди. Шунингдек қонун бузилишига йўл қўйган масъулга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси 1-қисми билан маъмурий жавобгарлик масаласини кўриб чиқиш учун туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига таклиф киритилди.
Таъсир чораси натижасида фуқаро М.Обидованинг мурожаати ижобий ечим топди, иш ҳақи тўлаб берилди. Меҳнат қонунчилиги талабларини бузганлиги учун техникум директорига Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 49-моддаси 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Ш.Суяров, ЎзА