English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Техникалар техник кўриги” автоматлаштирилган ахборот тизими ишлаб чиқилади
10:45 / 2023-05-02

Жорий йил 29 апрелда “Қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларидан фойдаланиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2023 йил 1 июлгача “Техникалар техник кўриги” автоматлаштирилган ахборот тизими ишлаб чиқилади.  

2023 йил 1 майдан жисмоний ва юридик шахсларнинг қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникалари мажбурий йиллик техник кўрикдан ўтказилади.    

2023 йил 1 сентябрдан юридик шахс бўлган тадбиркорлар жисмоний шахсларнинг 100 от кучигача қувватга эга қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларини техник кўрикдан ўтказиш фаолияти билан шуғулланиши мумкин.  

2023 йил 1 августдан қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларини ишлаб чиқарувчи ёки махсус савдо ташкилотларида харидорларга сотилган янги техникалар учун “Ҳисоб-маълумотнома” бериш амалиёти жорий этилади.    

2023 йил 1 сентябрдан қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларига техник кўрикдан ўтганлиги тўғрисида талон бериш амалиёти бекор қилинади (хорижий давлатларга ишга юбориладиган техникалардан ташқари).  

Шунингдек, эски намунадаги техник паспорт, техник гувоҳнома, давлат рақами белгиси ва тракторчи-машинист гувоҳномасини мажбурий тартибда алмаштиришнинг якуний муддати 2023 йил 31 август этиб белгиланди.  

Қарор билан Қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларини давлат рўйхатидан ва қайта рўйхатдан ўтказиш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.    

Регламентга кўра, техникалар Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси томонидан давлат рўйхатидан ўтказилади.  

Техникаларни рўйхатдан ўтказиш бўйича давлат хизматлари Инспекция, давлат хизматлари марказлари ва ЯИДХП (my.gov.uz) орқали техника эгаси ёки унинг вакили сўровномасига асосан амалга оширилади.  

Техникаларни давлат рўйхатидан ўтказиш ёки қайта рўйхатдан ўтказишда, техник паспорт бериладиган қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникалари ҳамда ўзиюрар машиналарни давлат рўйхатидан ёки қайта рўйхатдан ўтказиш учун – БҲМнинг 20 фоизи (66 000 сўм) миқдорида, техник гувоҳнома бериладиган қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш машиналари, агрегатлари ва асбоб-ускуналарини давлат рўйхатидан ёки қайта рўйхатдан ўтказиш учун – БҲМнинг 18 фоизи (59 400 сўм) миқдорида йиғим ундирилади.

 

Ш.Маматуропова,

ЎзА