Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Техникалар сақлови бўйича амалий семинар ўтказилди
16:46 / 2025-11-06

Сайхунобод туманида пахта ва ғалла йиғим-терими мавсумида фойдаланилган пахта териш машиналари ҳамда дон ўриш комбайнларини тўғри сақловга олиш бўйича кўргазмали ўқув-амалий семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси бошлиғи Аброл Ваҳобов, Ички ишлар вазирининг ўринбосари Саидкарим Нишонбаев, “O‘zagrolizing” АЖ бошқарув раиси ўринбосари, вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари, Сайхунобод тумани ҳокими ҳамда қишлоқ хўжалиги ва аграр таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари иштирок этишди. Шунингдек, таъминотчи корхоналар вакиллари, фермерлар ва кластер корхоналарининг раҳбарлари ҳам семинарда фаол қатнашди.

Минтақавий семинарга Сирдарё, Самарқанд, Жиззах ва Тошкент вилоятлари ҳокимлари ўринбосарлари, “Ўзагроинспекция”нинг вилоят ва туман бўлимлари раҳбарлари ҳамда соҳадаги мутахассислар ҳам ташриф буюришди.

Ўз чиқишида А. Ваҳобов пахта териш машиналари ва дон ўриш комбайнларини “Сақлов қоидалари” асосида тўғри сақлаш, техник созлигини таъминлаш ва кейинги мавсумга сифатли тайёрлаш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди:  –   Ҳар бир қишлоқ хўжалиги техникаси катта қийматга эга ва уларни мавсумдан сўнг белгиланган тартибда сақловга олиш муҳим ҳисобланади. Бу нафақат техниканинг хизмат муддатини узайтиради, балки келгуси мавсумда иш самарадорлигини ҳам оширади. Бугунги семинар эса тажриба алмашиш ва амалий кўникмаларни мустаҳкамлаш учун муҳим имкониятдир.

Семинар давомида техникаларни сақловга олиш жараёнида назорат тизимини кучайтириш, жойларда амалий ёрдамни таъминлаш ва мутахассислар малакасини ошириш зарурлиги алоҳида қайд этилди.

Ўқув семинаридан сўнг иштирокчилар Сайхунобод тумани Бахмалсой маҳалласида жойлашган “Гулистон” кластери машина-трактор паркида бўлиб, пахта териш машиналари ва дон ўриш комбайнларини сақловга олиш бўйича амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишишди.

Ташриф давомида техникаларни профилактик таъмирлаш, агрегатларни консервация қилиш ва келгуси мавсумга пухта тайёрлаш ишлари бўйича яратилган шароитлар кўрсатилди. Мутахассислар амалий тарзда илғор тажрибаларни намойиш қилиб, машиналарни сифатли сақлаш ва улардан самарали фойдаланиш бўйича тавсиялар беришди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири