Ўзбекистон Республикаси Президенти “Техник ҳиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ислоҳотларни илғор халқаро амалиёт асосида жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Унга мувофиқ, қуйидагилар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишлари этиб белгиланди:
а) техник жиҳатдан тартибга солиш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳасида амалдаги самарасиз назорат тизимини бекор қилиш, маҳсулотнинг бозор назорати амалиётини жорий этиш;
б) саноатда тўлиқ халқаро стандартларни қўллашга ўтиш;
в) миллий сифат инфратузилмаси иштирокчилари мустақил фаолиятига шарт-шароит яратиш ва манфаатлари тўқнашувини бартараф этиш;
г) саноат метрологияси, ўлчаш воситалари верификацияси ва калибрлашни кенг жорий қилиш, қиёслаш амалиётидан воз кечиш;
д) ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналари, тадбиркорликнинг барча йўналишлари ҳамда оддий истеъмолчиларни қамраб олувчи "сифат маданияти"ни шакллантириш.
Қуйидагилар Миллий сифат инфратузилмасини ривожлантиришнинг 2026 йил учун асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб белгиланди:
а) Барқарор ривожланиш учун сифат инфратузилмаси индексида Ўзбекистон Республикаси ўрнини камида 20 поғонага кўтариш;
б) Халқаро тарози ва ўлчовлар бюроси томонидан эътироф этилган калибрлаш имкониятлари сонини 2,5 баробарга ошириш;
в) халқаро даражада тан олинган аккредитация хизматлари улушини камида 80 фоизга етказиш.
Президент фармони билан:
а) Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги тизимидаги Ўзбекистон аккредитация маркази, амалдаги фаолият йўналиши, штат бирликлари, мол-мулки ҳамда молиялаштириш тартиби ва манбалари сақлаб қолинган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси бўйсунувига ўтказилади;
б) Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази фаолияти тўхтатилади ҳамда унинг таркибидаги мувофиқликни баҳолаш органлари тугатилади;
в) Ўзбекистон стандартлар институти унга Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати марказини қўшиб олиш орқали қайта ташкил этилади.
ЎзА