Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги: Халқаро стандартлар билан уйғунлаштириш 44 фоизга етди
Ўзбекистонда халқаро стандартларни миллий стандартлар билан уйғунлаштириш ишлари тизимли олиб борилмоқда. Бу эса иқтисодиёт тармоқларида замонавий талабларни жорий қилиш, маҳсулот ва хизматлар сифатини ошириш ҳамда ташқи бозорларда рақобатбардошликни кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги олиб борган саъй-ҳаракатлар натижасида ушбу уйғунлаштириш даражаси 43,9 фоизга етди. Бу эса техник тартибга солиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини кўрсатади.
Стандартларни уйғунлаштириш орқали маҳсулотлар хавфсиз ва сифатли бўлиб, ишлаб чиқарувчилар учун техник тўсиқлар камаймоқда ва маҳаллий корхоналарнинг халқаро бозорларга чиқиш имкониятлари кенгаймоқда.
Келгусида ҳам бу йўналишдаги ишлар давом эттирилиб, халқаро стандартлар билан уйғунлаштириш кўрсаткичи янада оширилиши режалаштирилган. Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги фаолияти эса мамлакат иқтисодиёти ва экспорт салоҳиятини янада ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга.
ЎзА