Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги томонидан Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Uzinfocom – Ягона интегратор билан ҳамкорликда “Техник тартибга солиш” миллий ахборот тизими ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди.
Мазкур миллий ахборот тизими сертификатлаштириш, метрология, стандартлаштириш ва аккредитация йўналишларида электрон ва шаффоф хизматлар кўрсатишга мўлжалланган. Тизим хизмат кўрсатиш жараёнларида инсон омили таъсирини камайтириб, маълумотларни автоматлаштирилган тарзда қайта ишлаш имконини беради.
Бугунги кунда тизим:
• 116 та мувофиқликни баҳолаш органи;
• 400 та синов лабораторияси;
• 127 та метрология лабораторияси;
• 30 дан ортиқ техник қўмита фаолиятини қамраб олган бўлиб, унда 3 500 дан ортиқ соҳа мутахассислари иш олиб бормоқда. Шунингдек, tris.uz миллий ахборот тизими ҳозирда 40 дан ортиқ давлат ва хусусий ташкилотлар билан ўзаро маълумот алмашинувини таъминламоқда.
Келгуси босқич техник тартибга солиш соҳасида сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали жараёнларни янада самарали ва сифатли ташкил этишдан иборат.