Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Техник назорат: "Лангар" қўрғонидаги иккита дор йўли фаолиятига қатъий тақиқ қўйилди
11:05 / 2025-08-12

Маълумки, дор йўлларидан фойдаланишда техник талабларга тўлиқ риоя этилиши инсонларнинг ҳаёти ва саломатлигини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади.Шу сабабли, мамлакатимизда мазкур аттракционларнинг техник ҳолатини мунтазам текшириш ва хавфсизлик талабларига қатъий амал қилиш устувор вазифалардан бири ҳисобланади.

Шундан келиб чиқиб, куни кеча Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси масъулларидан иборат ишчи гуруҳ Навоий вилояти Хатирчи туманидаги “Лангар” қўрғонида тадбиркорлик субъектлари томонидан ўрнатилган дор йўлларининг техник ҳолати ва амалдаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини ўрганди. 

Текширув жараёнида мазкур ҳудуддаги иккита дор йўли техник талабларга жавоб бермаслиги ва ускуналарда айрим камчиликлар мавжудлиги аниқланди. 

Ўрганиш пайтида мазкур тадбиркорлик субъектлари раҳбарларига мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди. Шу билан бирга, техник носозликлар тўлиқ бартараф этилгунича ва қонуний рухсатнома олингунича дор йўллардан фойдаланиш қатъий тақиқланди. 

– Аттракционлар, хусусан, дор йўлларини фойдаланишга топширишда хавфсизлик талабларига қатъий амал қилиш шарт. Бу инсон ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилишнинг энг муҳим кафолатидир. Навоийда ўтказилган текширувлар аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш ва нохуш ҳолатларни олдини олишга қаратилган. Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси аҳолини маданият ва истироҳат боғлари ҳамда кўнгилочар масканларда ўрнатилган техник носоз ёки шубҳали аттракционларга дуч келганда “attraksion_nazorati” электрон мобиль платформаси орқали мурожаат қилишга чақирaди, – деди  қўмита бош бошқармаси бошлиғи Олимжон Жўраев

Қўмита ахборот хизматига кўра, бу каби чора-тадбирлар нафақат техник хавфсизликни таъминлаш, балки жамоатчилик назоратини кучайтириш ва фуқароларнинг ўз хавфсизлигига бўлган масъулиятини оширишга ҳам хизмат қилади. 

Н. Зиёдуллаева, ЎзА