Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзёғмойсаноат” уюшмаси бошқарув раиси ўринбосари Камар Серкаев иштирокидаги брифингда маълум қилинди.
Қайд этилишича, мойли хом ашёларни қайта ишлаш тартиби ўтган йиллардагига қараганда тубдан фарқ қилади. Хом ашё фақатгина тўлиқ технологик ускуналар билан жиҳозланган корхоналар томонидан қайта ишланади.
Маълумки, мамлакат бўйича бир йилда ўртача 1 миллион 200 минг тонна техник пахта чигити қайта ишланади. Пахта мойининг бошқа мойлардан ажралиб турувчи белгиси бу – унинг таркибида эрувчи пигмент, госсипол мавжудлигидир. Бу полифенол бирикмали моддалар инсонлар организми учун зарарли ҳисобланади. Шунинг учун озуқа мақсадида ишлатиладиган пахта мойи, албатта, рафинацияланади ва дезодорацияланади. Рафинация – бу мойни ҳамроҳ моддалардан тозалаш, мойнинг хусусиятларини ва сифатини яхшилашдан иборат бўлган мураккаб технологик жараён бўлса, дезодорациялаш – пахта мойидан қиздирилган буғ билан вакуум остида учувчи, ҳид берувчи ва таъм берувчи моддаларни йўқотиш демакдир. Шунингдек, пахта кунжарасини экстракциялаш орқали ушбу маҳсулотлар таркибидаги эркин госсипол тўлиқ зарарсизлантирилади.
Тўлиқ циклда техник пахта чигитини қайта ишлаб олинган рафинацияланган, дезодорацияланган пахта мойи ҳамда экстракциялаш орқали ишлаб чиқарилган пахта шелухаси ва шроти маҳсулотлари хавфсиз бўлганлиги боис истеъмолга йўналтирилади.
Техник чигитни биржа савдолари орқали харид қилиш бўйича белгиланган талаблар мутасадди ташкилотлар томонидан аксарият ҳолатларда нотўғри талқин этилганлиги сабабли, кўплаб оилавий, хусусий корхоналар ҳамда фаолият тури ёғ-мой маҳсулотлари ишлаб чиқаришдан тубдан фарқ қилувчи қурилиш, қандолатчилик, савдо корхоналари ва фермер хўжаликлари биржа савдоларида қатнашиб, техник пахта чигитини харид қилишди.
Афсуски, хўжалик юритувчи субъектларнинг аксарияти етарли ишлаб чиқариш қурилмалари ва технологларга эга эмас. Бу ҳолат сифат ва самарадорликнинг бирмунча пасайишига, йилига кунжара таркибида 20-25 минг тонна пахта мойи йўқотилишига олиб келади.
“Ўзёғмойсаноат” уюшмаси, “Ўзстандарт” агентлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳлари ташкил этилиб, ёғ-мой корхоналарида назорат тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Бугунги кун ҳолатига кўра, 514 та корхонада текширишлар якунланди. Ушбу ёғ-мой корхоналаридан 303 таси пахта техник чигитни, 90 таси бошқа мойли хом ашёлар, шу жумладан, 39 таси кунгабоқар, 14 таси зиғир, 6 таси махсар, 31 таси бошқа мойли экин ҳосилини қайта ишлаши, 93 таси эса умуман бошқа фаолият тури билан шуғулланиши, 28 таси ўз фаолиятини тўхтатгани аниқланди.
Брифингда техник чигитни қайта ишлашга ихтисослашган 303 та ёғ-мой корхонасининг 77 таси пахта техник чигитини қайта ишлаш учун белгиланган талабларга мувофиқ фаолият юритаётгани, 226 та корхона фаолияти белгиланган талабларга мувофиқ эмаслиги қайд этилди. Жумладан, 35 корхона ҳеч қандай технологик ускуна билан жиҳозланмаган. Шунингдек, уларнинг 52 тасида фақат пресслаш ускунаси мавжудлиги, 13 тасида экстракциялаш ускунаси йўқлиги, 126 корхона эса тўлиқ технологик циклга эга эмаслиги аниқланди.
Кўрилган чора-тадбирлар натижасида жорий йилда чигитни қайта ишлаш фақатгина хом ашёни тўлиқ қайта ишлаш технологиялари билан жиҳозланган корхоналар томонидан амалга оширилади. Уларнинг асосий қисмида ISO 9001 ва ISO 22000 халқаро сифат стандартлари жорий этилган ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар «Ёғ-мой маҳсулотлари хавфсизлиги тўғрисида»ги техник регламент талабларига тўлиқ жавоб беради.
Умуман олганда, ёғ-мой корхоналарининг умумий йиллик қуввати 4,3 миллион тонна мойли уруғларни қайта ишлаш имконини беради. Шундан 3,3 миллион тоннаси пахта чигитини ҳамда 1 миллион тоннаси соя ва кунгабоқар уруғларини қайта ишлашга мўлжалланган.
Соҳа корхоналари томонидан 60 турдаги ва 200дан ортиқ ассортиментдаги ёғ-мой маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Ҳозир асосий эътибор маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш билан бирга унинг сифатини янада яхшилашдан иборатдир.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА